Ўзбекистон

Депутат поликлиникаларда электрон навбатларни тўхтатишни таклиф қилди

Депутат поликлиникаларда электрон навбатларни тўхтатишни таклиф қилди
Депутат поликлиникаларда электрон навбатларни тўхтатишни таклиф қилди / Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Даврон Арипов Ўзбекистондаги оилавий поликлиникаларда электрон навбат тизимини жорий этишни вақтинча тўхтатиб туришни таклиф қилди. Унинг фикрича, аввало тизимни битта тиббиёт муассасасида тўлиқ синовдан ўтказиш зарур. Бу ҳақда Gazeta.uz хабар берди.

Таклиф 24 ноябрь куни парламент қуйи палатасининг ялпи мажлисида билдирилди. Мажлис давомида депутатлар соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адиловнинг тиббиёт соҳасини рақамлаштириш бўйича ҳисоботини тинглади.

Ариповнинг сўзларига кўра, амалдаги тизим поликлиникалар инфратузилмасининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олмаяпти ва ташриф буюрувчилар учун қўшимча қийинчиликлар туғдирмоқда. Жумладан, навбат ҳақидаги маълумот акс эттириладиган электрон таблолар кўп қаватли биноларнинг биринчи қаватига ўрнатилмоқда.

«Менимча, барча оилавий поликлиникаларда электрон навбат тизими ишини вақтинча тўхтатиб, битта поликлиникадаги тажриба-синовни охирига етказиш мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки кўплаб поликлиникалар кўп қаватли. Навбат акс эттириладиган электрон табло биринчи қаватга ўрнатилади, қолган қаватларда эса уни кўриш имкони йўқ», — деди депутат.

У, шунингдек, ҳаракатланиш имконияти чекланган беморлар дуч келаётган муаммоларга ҳам эътибор қаратди. Ҳатто оёғи синган ёки ампутация қилинган одамлар ҳам умумий навбатда кутишга мажбур. Қабулдан кейин эса бошқа хоналардаги навбатларга туришларига тўғри келади.

Парламент аъзосининг таъкидлашича, беморлар ҳар доим ҳам навбати қачон келишини тушунавермайди. Натижада тиббиёт муассасасига ташриф узоқ кутиш жараёнига айланиб қолмоқда.

Арипов поликлиникалардаги электрон навбат тизимининг ишлашини тижорат банкларидаги шунга ўхшаш тизимлар билан таққослади. Унинг қайд этишича, банк филиалларида хизматлар ягона маконда жойлашгани ва ташриф буюрувчилар учун маълумотлар очиқлиги туфайли навбат механизми самаралироқ ишлайди.

Депутат дастлаб тизимни битта поликлиникада синовдан ўтказишни якунлаш, муассасани зарур техник инфратузилма билан таъминлаш, шундан кейингина такомиллаштирилган моделни мамлакат бўйлаб тиббиёт муассасаларига жорий этишни таклиф қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирининг жавоби

Элдор Адилов тиббиёт муассасаларида навбатлар билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини тан олди. Унинг айтишича, ҳудудлардаги поликлиникаларга ташрифлари чоғида диагностика хоналари ва тор соҳа мутахассислари кабинетлари олдида беморлар тўпланиб қолганига бир неча бор ўзи ҳам гувоҳ бўлган.

Вазир рақамли технологияларни жорий этиш бир қатор афзалликлар билан бирга муайян ноқулайликларни ҳам келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, фуқаролар электрон навбатга туриш ва шифокор қабулига онлайн ёзилиш учун DMED ахборот тизимининг мобил иловасидан фойдаланишлари мумкин.

Адилов банклардаги электрон навбат тизимлари зарур инфратузилма билан яхшироқ таъминлангани борасида депутатнинг фикрига қўшилди. Унинг сўзларига кўра, янги тиббиёт муассасаларини қуриш, шунингдек, мавжудларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш жараёнида Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқа қаватларга қўшимча электрон таблолар ва овозли хабар бериш тизимларини ўрнатишни ҳам назарда тутмоқда.

«Ҳақиқатан ҳам, инфратузилмамизда ҳали амалга оширилиши керак бўлган ишлар жуда кўп», — деди вазир.

Шу билан бирга, вазир электрон навбат тизимини тўхтатиш таклифини қўллаб-қувватламади. Унинг фикрича, ушбу тизимдан воз кечиш одатий навбатларга қайтишга олиб келади ва фуқаролар учун поликлиникаларга ташрифни қулайлаштирмайди.

«Агар ҳозир электрон навбатни олиб ташласак, бу рус тилида „живая очередь“ деб аталадиган оддий навбат тизимига қайтишга олиб келади… Ҳозир электрон навбатдан воз кечиш фуқароларимиз учун қулайлик яратмайди. Сиз бу муаммони тўғри кўтардингиз. Биз уни ҳал қилиш, тизимни такомиллаштириш устида ишлаймиз. Ўйлайманки, яқин келажакда бу жараёнларни тартибга соламиз», — деди Адилов.

Шу мажлисда вазир давлат ҳисобидан режали стационар даволаниш учун навбатлар кўпайганини ҳам изоҳлади. Унинг айтишича, бу ҳолат молиялаштиришнинг чеклангани ва тиббий ёрдамга муҳтож беморлар сони кўплиги билан боғлиқ.

Вазир, шунингдек, ахборот тизимида даволаниш учун аввал берилган электрон йўлланмалар ўз вақтида ёпилмаслиги оқибатида сунъий навбатлар юзага келаётганини тан олди. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигида ишчи гуруҳ тузилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.