Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ишбилармонлик ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича Олий кенгашнинг биринчи йиғилишида иштирок этди.
Йиғилишда Туркия вице-президенти Жевдет Йилмаз бошчилигидаги нуфузли делегация қатнашди.
Давлат раҳбари Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан эришилган келишув асосида ташкил этилган янги механизм икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликка қўшимча суръат бағишлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Шу куни Тошкентда Ўзбекистон ва Туркия ишбилармонлик форуми ҳам бўлиб ўтди. Унда 200 нафардан ортиқ тадбиркор иштирок этди. Президент буни икки мамлакат ишбилармон доираларининг ўзаро шерикликни кенгайтиришга бўлган қизиқиши юқорилигининг далили сифатида баҳолади.
Олий кенгаш йиғилишида Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижаларига ҳам тўхталиб, келгуси мақсадларни белгилаб берди.
2017 йилдан буён мамлакат иқтисодиёти уч баравар ўсди, жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми эса 150 млрд доллардан ошди.
2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 300 млрд долларга етказиш, саноат ишлаб чиқаришини икки баравар ошириш, соҳада 2 млн та юқори маошли иш ўрни яратиш ва юқори технологик маҳсулотлар улушини учдан бир қисмга етказиш вазифаси қўйилган.
Ўзбекистоннинг асосий стратегик ҳамкорларидан бири бўлган Туркия билан амалий ҳамкорликни изчил ривожлантириш ушбу мақсадларга эришишда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Тоғ-кон саноати ва энергетика
2030 йилга қадар Ўзбекистон олтин қазиб олиш ҳажмини 175 тоннага, кумуш қазиб олишни 500 тоннага, мис ишлаб чиқариш қувватларини эса 500 минг тоннага етказишни режалаштирмоқда. Шу даврда қайта тикланувчи энергетика қувватларини 25 ГВтга, унинг электр энергияси ишлаб чиқаришдаги улушини эса 54 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Жиззах вилоятида ташкил этилаётган атом саноати махсус саноат зонасида 15 та йўналиш бўйича маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Ушбу ишлаб чиқариш, жумладан, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида қурилиши режалаштирилаётган атом электр станцияларининг эҳтиёжларини таъминлашга йўналтирилади.
Шу муносабат билан давлат раҳбари Туркия компанияларини тоғ-кон саноати, минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш ва «яшил» энергетика соҳаларида янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга таклиф қилди.
Электротехника саноати
Ўзбекистон ва Туркия иқтисодий ҳамкорлигининг устувор йўналишларидан бири сифатида электротехника саноатидаги кооперацияни кенгайтириш белгиланди.
2030 йилга қадар ушбу тармоқ маҳсулотлари экспортини 5 млрд долларга етказиш ва 11,6 млрд доллар инвестиция жалб қилиш режалаштирилган.
Туркия компанияларига ўзбек корхоналари билан ҳамкорликда мисни чуқур қайта ишлаш, электроника, трансформаторлар, маиший техника ва электротехника ускуналари ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш таклиф этилди.
Қишлоқ хўжалиги ва инфратузилма
Йиғилишда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги шерикликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Туркиянинг аграр соҳадаги тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, органоминерал ўғитлар ва қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш, замонавий иссиқхоналар қуриш, боғдорчиликни ривожлантириш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва совуткичли омборлар ташкил қилиш бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш таклиф этилди.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан тортиб, уларни чуқур қайта ишлаш ва йирик чакана савдо тармоқлари орқали истеъмолчиларга етказиб беришгача бўлган ягона қиймат занжирини шакллантиришдан манфаатдор.
Президент туркиялик инвесторларни Янги Тошкент шаҳри қурилиши ва мамлакатдаги йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда фаол иштирок этишга чақирди. Туркия компанияларига янги шаҳарда тижорат ва турар жой мажмуалари, меҳмонхоналар, таълим ва тиббиёт муассасаларини қуришда ҳамкорлик қилиш таклиф этилди.
Транспорт соҳасидаги истиқболли ҳамкорлик йўналишлари сифатида пуллик автомобиль йўллари, аэропортлар ва логистика марказларини ривожлантириш ҳам қайд этилди.
Фармацевтика
Ўзбекистонда тиббиёт маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бунинг учун Тошкент фармацевтика паркида инвесторларга кенг имтиёз ва преференциялар, зарур инфратузилма ҳамда ишлаб чиқариш майдонлари тақдим этилмоқда.
Президент Туркия фармацевтика компаниялари учун алоҳида саноат зонасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.
Ушбу соҳадаги ҳамкорликнинг амалий намунаси сифатида 2002 йилдан буён Ўзбекистонда фаолият юритаётган Nobel Pharmsanoat компаниясининг иши қайд этилди.
Туркиянинг бошқа етакчи фармацевтика компаниялари ҳам ушбу йўналишда фаол ҳамкорлик қилишга таклиф этилди.
Хусусийлаштириш ва давлат-хусусий шериклик
Ўзбекистонда хусусийлаштириш ва давлат-хусусий шериклик дастурлари туркиялик инвесторлар учун янги имкониятлар очмоқда.
Президент таъкидлаганидек, 2026–2027 йилларда умумий қиймати 8,4 млрд доллар бўлган давлат активлари, кўчмас мулк объектлари ва ер участкаларини сотувга чиқариш режалаштирилган.
Туркия компаниялари билан Самарқанд автомобиль заводини хусусийлаштириш, Самарқанд вилояти электр тармоқларини модернизация қилиш ва Бухорода янги халқаро аэропорт қуриш каби йирик ташаббуслар бўйича ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Давлат раҳбари Туркия банклари, инвестиция фондлари ва саноат компанияларини ушбу жараёнларда янада фаол иштирок этишга чақирди.
Рақамли технологиялар ва молия сектори
Рақамли технологиялар ва молиявий хизматлар Ўзбекистон ва Туркия иқтисодий шериклигининг муҳим йўналишлари сифатида белгиланди.
Ўзбекистон IT-хизматлар экспортини 5 млрд долларга етказишни мақсад қилган. IT Park резидентларига тақдим этилаётган солиқ ва божхона имтиёзларини ҳисобга олган ҳолда, Туркия компаниялари билан аутсорсинг, дастурий таъминот ишлаб чиқиш ва сунъий интеллект соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Ўзбекистонда 33 йилдан буён фаолият юритаётган Ziraat Bank иши ижобий баҳоланди. Туркиянинг бошқа молия институтларига ҳам мамлакат банк сектори ислоҳотлари ва хусусийлаштириш жараёнларида фаол иштирок этиш таклиф қилинди.
Инвестиция муҳитини яхшилаш
«Мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш ва тадбиркорлар учун ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ислоҳотларни бундан буён ҳам изчил давом эттирамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Махсус иқтисодий зоналарда инвестициялар ҳажми ва белгиланган шартларнинг бажарилишига қараб, 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатга солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилмоқда. Йирик инвесторларга тайёр ишлаб чиқариш бинолари, ер участкалари ва зарур муҳандислик инфратузилмаси таклиф этилмоқда.
Бундай ёндашувнинг ёрқин намунаси сифатида Тошкент вилоятида ташкил этилган 100 гектар майдонга эга «Остим» саноат зонаси қайд этилди. Ҳозирги вақтда уни кенгайтириш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда.
Президент ушбу ижобий тажрибани мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этишга тайёрлигини билдирди.
«Ишончим комилки, биргаликда янада юксак натижаларга албатта эришамиз. Ушбу ишда барчангизга улкан муваффақият ва омад тилайман», — дея таъкидлади давлат раҳбари нутқи якунида.
Президент билан мулоқот давомида Туркия компаниялари раҳбарлари Ўзбекистонда ўз фаолияти учун яратилган кенг имкониятлар учун миннатдорлик билдирдилар. Улар амалга оширилаётган лойиҳалар ва келгуси режалари ҳақида сўзлаб, ўз фикр ва таклифларини ҳам тақдим этдилар.