Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Ўмон визасиз режим тўғрисида келишув имзолади

Ўзбекистон ва Ўмон визасиз режим тўғрисида келишув имзолади
Ўзбекистон ва Ўмон визасиз режим тўғрисида келишув имзолади / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Ўмон ўзаро визаларни бекор қилиш тўғрисидаги келишувни имзолади. Ҳужжат кучга киргач, икки мамлакат фуқаролари бир-бирининг ҳудудига 30 кунгача визасиз сафар қилишлари мумкин бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжат 17 ноябрь куни Ўзбекистон Президентининг Ўмонга давлат ташрифи доирасида икки мамлакат ҳукуматлари томонидан имзоланди. Келишув муқаддима ва 14 та моддадан иборат.

Биометрик хорижга чиқиш паспортларига эга фуқароларга ҳар икки давлат ҳудудига визасиз кириш, транзит ўтиш ва чиқишга рухсат берилади. Бунда паспортнинг амал қилиш муддати камида олти ой бўлиши керак.

Фуқаролар бир сафар давомида мамлакат ҳудудида кўпи билан 30 кун, бир календарь йили давомида эса жами 180 кунгача визасиз бўлишлари мумкин.

Визасиз режим доимий яшаш, таълим олиш ёки махсус рухсатнома талаб этиладиган иш фаолияти билан шуғулланиш мақсадида бораётган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди. Мамлакатда узоқроқ муддат қолиш учун қабул қилувчи давлат қонунчилигига мувофиқ виза олиш талаб этилади.

Келишув форс-мажор ҳолатларида бўлиш муддатини бепул узайтириш имкониятини ҳам назарда тутади. Паспорт йўқолган ёки шикастланган тақдирда фуқарога вақтинчалик сафар ҳужжати берилади ва унинг мамлакатдан визасиз чиқиб кетишига рухсат этилади.

Ҳар бир томон исталмаган шахсларнинг ўз ҳудудига киришини рад этиш ёки уларнинг мамлакатда бўлиш муддатини қисқартириш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Ташқи ишлар вазирлиги баҳолашича, ушбу келишув икки мамлакат фуқароларининг сафарларини сезиларли даражада осонлаштиради ҳамда туризм, ишбилармонлик, маданий ва гуманитар алоқалар ривожига хизмат қилади.

Ҳужжат томонлар зарур ички тартиб-таомилларни бажаргани тўғрисидаги сўнгги билдиришнома олинганидан 30 кун ўтгач кучга киради.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.