Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Афғонистон темир йўл соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, юк ташиш ҳажмини ошириш ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати хабар берди.
2026 йил 18 ноябрь куни Ҳайратон шаҳрида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси Зуфар Нарзуллаев Афғонистон темир йўллари бошқармаси раҳбари Мавлавий Абдул Карим Фатех билан учрашди.
Учрашувда темир йўл идоралари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт-логистика имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда ўзаро юк ташиш ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, 2026 йилда икки мамлакат ўртасидаги темир йўл орқали юк ташиш кўрсаткичлари сезиларли даражада ошган.
Учрашув иштирокчилари ижобий ўсиш суръатини сақлаб қолиш, юк ташиш жараёнларининг узлуксизлигини таъминлаш ва темир йўл инфратузилмаси имкониятларидан янада самарали фойдаланишга келишиб олдилар.
Музокаралар якунида Наибобод станциясини ривожлантириш ишларини белгиланган муддатларда якунлаш, Ҳайратон — Мозори Шариф йўналиши бўйича темир йўл юк ташувларини ташкил этиш ҳамда поездларнинг ўртача суткалик айланмасини ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Шунингдек, томонлар Афғонистон фуқаролари орасидан темир йўл соҳаси учун малакали мутахассислар тайёрлаш масаласини ҳам муҳокама қилдилар. Бу борада уларнинг касбий билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган таълим дастурларини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди.
Эришилган келишувларни амалга ошириш икки мамлакат ўртасидаги транспорт-логистика алоқаларини мустаҳкамлаш ва минтақавий юк ташиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.