Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бекобод шаҳри ва Хоразм вилоятининг Хазарасп туманида умумий қиймати 200,9 млн сўмлик дори воситалари ҳамда тиббий буюмларни ноқонуний сотиш билан боғлиқ икки ҳолат аниқланди. Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Департамент хабар берди.
Бекобод шаҳрида Департаментнинг шаҳар бўлими ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди.
Тадбир давомида фуқаро Ж.Р. бошқа шахсга қиймати 135 млн сўм бўлган 100 қути дори воситасини сотаётган вақтида ушланди. Унда препаратларнинг сифатини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган.
Иккинчи ҳолат Департаментнинг Хазарасп тумани бўлими ходимлари томонидан аниқланди. Фуқаро Я.Э. фуқаро И.И.га тиббий маҳсулотлар партиясини сотаётган вақтида қўлга олинди.
Ушбу партия таркибида беш турдаги 28 280 дона дори воситаси ва 10 500 дона шприц бўлган. Маҳсулотлар партиясининг умумий қиймати 65,9 млн сўмни ташкил этган.
Ҳар икки ҳолат бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.