Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда жиноятчилик сабабларини таҳлил қилиш, уларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни назорат қилиш ва жиноятчилик динамикасини прогноз қилиш имконини берувчи Криминоген маълумотларнинг ягона платформаси яратилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 6 ноябрдаги ПФ-241-сон фармонида белгиланган.
Ҳужжатга мувофиқ, платформада жиноятларнинг объектив ва субъектив сабаблари, улар учун масъул идоралар ва мансабдор шахслар, шунингдек, аниқланган сабабларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг электрон реестри шакллантирилади.
Ушбу ишлар натижалари инсон омилисиз, автоматик равишда кузатиб борилади. Назорат ҳар ойда, ярим йиллик ва йиллик асосда амалга оширилади.
Бундан ташқари, тизим ҳудудлар, маҳаллалар ва жиноятларнинг алоҳида турлари кесимида жиноятчилик динамикасини прогноз қилади. Прогнозлар асосида криминоген вазият энг мураккаб бўлган туманларга вазиятни барқарорлаштириш чоралари бўйича тавсиялар кўрсатилган хабарномалар юборилади.
Платформани синов тариқасида 2027 йил охирига қадар Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида ишга тушириш режалаштирилган. 2028 йилдан бошлаб тизимни мамлакатнинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилган.
Фармонда ҳар йили тадқиқотлар ва сўровномалар ўтказиш ҳам назарда тутилган. Жумладан, аҳоли ўртасида фуқароларнинг жиноятлар билан боғлиқ тажрибасини ўрганишга қаратилган миллий виктимологик сўров ташкил этилади.
Шунингдек, аҳолининг ўзини хавфсиз ҳис қилиш даражаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга бўлган ишончини баҳолаш мақсадида социологик сўровлар ўтказилади.
Бундан ташқари, ёшлар, вояга етмаганлар, хотин-қизлар, илгари судланган шахслар ва пробация ҳисобига олинган фуқароларга бағишланган мақсадли криминологик тадқиқотлар ўтказилиши режалаштирилган.
Тадқиқотлар «қизил» тоифага киритилган маҳаллаларни ҳамда криминоген вазият билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳам қамраб олади.