Спорт

Ўзбекистон футзал терма жамоаси Тожикистонни 3:0 ҳисобида мағлуб этди

Ўзбекистон футзал терма жамоаси Тожикистонни 3:0 ҳисобида мағлуб этди
Ўзбекистон футзал терма жамоаси Тожикистонни 3:0 ҳисобида мағлуб этди / Фото: Ўзбекистон Футзал федерацияси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон футзал терма жамоаси янги бош мураббий Баходир Аҳмедов қўл остидаги илк ўртоқлик учрашувида Тожикистон терма жамоасини 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Учрашув 8 ноябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди.

Беллашув Ўзбекистон футбол ассоциацияси Терма жамоалар марказининг спорт залида, томонларнинг ўзаро келишувига мувофиқ, томошабинлар иштирокисиз ўтказилди.

Учрашувнинг 3-дақиқасида Беҳруз Самиев ҳисобни очди. 17-дақиқада Қувончбек Жаҳонов мезбонлар устунлигини икки карра оширди.

40-дақиқада эса Самиев дубль қайд этиб, учрашувнинг якуний ҳисобини ўрнатди. Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси Баходир Аҳмедов раҳбарлигидаги илк учрашувни ғалаба билан бошлади.

Учрашувни Қирғиз Республикасидан таклиф этилган ҳакамлар Тимурбек Тўхтабаев ва Нурбек Арстанбай уулу бошқариб борди.

Ўзбекистон терма жамоасининг асосий таркибидан Жасур Ризбонов, Илҳом Ҳамроев, Беҳруз Самиев, Ҳусниддин Нишонов ва Даврон Чориев ўрин олди. Захира ўйинчилари сафида Аббос Элмуродов, Анасхон Раҳматов, Элдор Нигматов, Фазлиддин Ботиров, Аслибек Вафоев, Абдулборий Илёсов, Суннатилла Жўраев, Қувончбек Жаҳонов ва Тоҳир Абдукаримов бўлди.

Тожикистон терма жамоаси эса учрашувни Нуриддин Жабборов, Насратшо Исмоилов, Самандар Ризомов, Муҳаммад Ражабов ва Некруз Идиев таркибида бошлади.

Захира ўриндиғидан Фируз Бекмуродов, Амиржон Раҳимов, Муҳаммад Авғонов, Баходир Хўжаев, Муҳаммад Шарипов, Умед Қозиев, Сиёвуш Қаюмов, Хусрав Холиқназаров ва Дилшод Саломов жой олди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.