Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси (U-23) футболчиси Саидумархон Саиднуралаев тиззасидаги хочсимон боғлам узилиши сабабли Германияда муваффақиятли операция қилинди.
Футболчи Осиё ўйинларининг ярим финал учрашувида жароҳат олган. Жароҳат туфайли у ўйинни давом эттира олмаган ва майдонни тарк этган.
Жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун Ўзбекистон футбол ассоциацияси спортчининг Германиядаги Medical Connections клиникасида даволанишини ташкил этди.
Операция профессор Мирко Херберт томонидан ўтказилди. Мавжуд маълумотларга кўра, жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтган, Саидумархон Саиднуралаевнинг аҳволи яхши деб баҳоланмоқда.
Футболчининг тикланиш муддати, шунингдек, машғулотлар ва ўйинларга қайтиш вақти ҳақида маълумот берилмаган.