Спорт

Ўзбекистонлик ёш боксчилар Будвадаги жаҳон чемпионатида 8 та медаль қўлга киритди

Ўзбекистонлик ёш боксчилар Будвадаги жаҳон чемпионатида 8 та медаль қўлга киритди
Ўзбекистонлик ёш боксчилар Будвадаги жаҳон чемпионатида 8 та медаль қўлга киритди / Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон терма жамоаси Черногориянинг Будва шаҳрида 19 ёшгача бўлган боксчилар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида саккизта медаль — тўртта олтин, иккита кумуш ва иккита бронза медалини қўлга киритди. Эркаклар терма жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси хабар берди.

Чемпионатда 69 та мамлакатдан 474 нафар боксчи иштирок этди. Ўзбекистонлик йигитлар бешта медаль: учта олтин, битта кумуш ва битта бронза медалига сазовор бўлди.

75 кг гача бўлган вазн тоифасида Сухроб Раҳматуллаев, 90 кг гача бўлган вазнда Асадбек Султонбоев, 90 кг дан юқори вазн тоифасида эса Ислом Солиҳов жаҳон чемпиони бўлди. Финал баҳсларида уларнинг рақиблари эронлик Муҳаммад Солеҳ Месбаҳи, украиналик Владислав Науменко ва қозоғистонлик Владислав Саможонов бўлди.

Қизлар ўртасида 51 кг гача бўлган вазн тоифасида Назокат Мардонова олтин медални қўлга киритди. У финалда АҚШ вакили Руби Лопесга қарши рингга кўтарилди.

Сардорбек Баҳромхўжаев (85 кг гача) ва Мафтуна Янгиева (70 кг гача) кумуш медалларга эга бўлди. Финал баҳсларида улар россиялик Кирилл Коршаков ва америкалик Марли Макнеллига мағлуб бўлди.

Зулфикор Адҳамжонов (70 кг гача) ва Мухтасар Алиева (48 кг гача) бронза медалларини қўлга киритди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.