Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон футзал федерацияси президенти Бекзод Маматқулов Португалияга ишчи ташрифи давомида Португалия терма жамоаси ва Мадриднинг «Реал» клубининг собиқ ҳимоячиси, Пепе номи билан танилган Кеплер Лаверан де Лима Феррейра билан учрашди.
Маматқулов футболчини Ўзбекистонга таклиф қилди. Пепе яқин вақт ичида Тошкентга келиш истагини билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон футзал федерацияси хабар берди.
Учрашувда «Порту» футбол клуби президентининг маслаҳатчиси Угу Нунеш ҳам иштирок этди.
Томонлар спорт орқали Ўзбекистон ва Португалия ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, футбол ва футзал соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, жаҳон футболида машҳур бўлган футболчилар билан ҳамкорлик қилиш орқали ўзбек футзалининг халқаро нуфузини ошириш масаласига эътибор қаратилди.
Учрашув иштирокчилари Португалия тажрибасидан Ўзбекистонда футзални ривожлантиришда фойдаланиш имкониятлари юзасидан ҳам фикр алмашди.
Мутахассислар ўртасидаги профессионал алоқаларни кенгайтириш ва келгусида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар спорт, хусусан, футбол ва футзал соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирди.