Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон техникумлари ўқувчилари Work and Travel халқаро дастурида иштирок этиш имкониятига эга бўлади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 31 октябрдаги 604-сон қарорида назарда тутилган.
Янги тартиб ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим дастурлари бўйича таҳсил олаётган ўқувчиларга татбиқ этилади. Дастур иштирокчиларига хорижга сафар билан боғлиқ харажатларни, жумладан, транспорт ва бошқа сарф-харажатларни қоплаш учун кредитлар ажратиш ҳам кўзда тутилган.
Work and Travel дастурида иштирок этиш имконияти Европа Иттифоқи мамлакатлари, Жанубий Корея, Япония, Буюк Британия, АҚШ, Канада, Австралия ва Янги Зеландияга сафар қилиш учун тақдим этилади.
Ҳужжатда, шунингдек, профессионал таълимни бошқариш бўйича EMIS RT ахборот тизимини кенгайтириш назарда тутилган. Унда техникумлар ҳақидаги маълумотлар, жумладан, уларнинг номлари, манзиллари ва кодлари, шунингдек, касб ва мутахассисликлар, таълим шакллари ва босқичлари, ўқувчиларнинг мақоми ҳамда ўзлаштириш кўрсаткичлари акс эттирилади.
Бундан ташқари, Миграция агентлиги ҳар йили 1 мартга қадар хорижий иш берувчилар билан келишувлар тузиш чораларини кўради.
Ушбу келишувлар техникум ўқувчиларининг хорижда ишлаш ва саёҳат қилиш дастурларида иштирокини ташкил этиш учун зарур ҳисобланади.