Ўзбекистон

my.gov.uz порталида янги қурилиш объектлари ҳужжатларини текшириш хизмати ишга тушди

my.gov.uz порталида янги қурилиш объектлари ҳужжатларини текшириш хизмати ишга тушди
my.gov.uz порталида янги қурилиш объектлари ҳужжатларини текшириш хизмати ишга тушди / Фото: my.gov.uz.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz да қурилаётган ва қуриб битказилган кўчмас мулк объектлари ҳақида маълумот олиш имконини берувчи янги хизмат ишга туширилди. Бу ҳақда my.gov.uz портали хабар берди.

Хизмат фуқароларга, жумладан, янги қурилаётган уйлардан квартира сотиб олишни режалаштираётган шахсларга объектларнинг хусусиятлари ва қурилишга оид рухсат берувчи ҳужжатлар билан олдиндан танишиш имконини беради.

Сервис кўчмас мулкнинг 30 дан ортиқ тоифасини қамраб олади. Улар қаторига кўп квартирали ва якка тартибдаги турар жойлар, шунингдек, маданият, санъат ва туризм объектлари киради.

Фойдаланувчилар объектнинг номи, аниқ манзили ва тоифаси ҳақида маълумот олишлари мумкин. Шунингдек, объектни фойдаланишга топширишнинг режалаштирилган муддати, қаватлар ва квартиралар сони, умумий майдони ҳамда лойиҳа қиймати ҳақидаги маълумотлар ҳам тақдим этилади.

Бундан ташқари, хизмат орқали қурилиш буюртмачиси, лойиҳа ташкилоти ва пудратчи ҳақида маълумот олиш мумкин.

Портал орқали қурилишга рухсат берувчи ҳужжатларни ҳам юклаб олиш имконияти мавжуд. Улар орасида архитектура ва шаҳарсозлик кенгашининг хулосаси, давлат экспертизаси хулосаси ҳамда қурилиш-монтаж ишларини бошлашга рухсатнома бор.

Янги хизмат улушли иштирок шартлари асосида кўп квартирали уйларда қурилаётган хонадонларни сотиб олаётган фуқаролар учун ҳам мўлжалланган.

Бўлажак харидорлар пул маблағларини киритишдан олдин зарур рухсат берувчи ҳужжатлар мавжудлигини мустақил текширишлари ва қурилишнинг белгиланган муддатлари билан танишишлари мумкин.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.