Ўзбекистон

Ўзбекистонда мактаб имтиҳонлари тизимини ўзгартириш таклиф этилди

Ўзбекистонда мактаб имтиҳонлари тизимини ўзгартириш таклиф этилди
Ўзбекистонда мактаб имтиҳонлари тизимини ўзгартириш таклиф этилди / Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 11-синфни тамомлаш ва олий таълим муассасалари ёки техникумларга ўқишга киришда ягона давлат имтиҳони натижаларини ҳисобга олиш таклиф этилди. Бу ҳақда Hudud Inform Telegram-канали хабар берди.

Мактаб ўқувчиларининг билимларини баҳолаш ва имтиҳонларни ўтказишнинг янги тартиби лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Таклифга кўра, 4-синф ўқувчилари учун ўқиш, математика ва табиий фанлар бўйича диагностик тестлар ўтказиш режалаштирилмоқда. Уларнинг натижалари баҳоланмайди ва ўқувчиларни кейинги синфга ўтказишга таъсир қилмайди.

7-синфда касбий қизиқишлар ва мантиқий фикрлашни аниқлашга қаратилган диагностика ўтказиш таклиф этилмоқда. Унинг натижалари тавсиявий хусусиятга эга бўлади.

9-синф ўқувчилари учун асосий давлат имтиҳони назарда тутилган. Унинг натижаларини аттестатга киритиш ҳамда академик лицейлар ёки техникумларга ўқишга киришда ҳисобга олиш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, ўқувчиларнинг 10-синфда ўқишни давом эттириш ҳуқуқи сақланиб қолади.

11-синфда ягона давлат имтиҳонини ўтказиш таклиф этилмоқда. Унинг натижалари мактабни тамомлаганлик тўғрисидаги аттестатни олишда, шунингдек, олий таълим муассасалари ва техникумларга ўқишга киришда қўлланилади.

Янги тартиб бўйича дастлабки синовларни 2027/2028 ўқув йили якунлари бўйича Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида ўтказиш режалаштирилган. Ушбу босқичда имтиҳон натижалари таълим муассасаларига қабул жараёнига таъсир қилмайди.

Тизимни мамлакатнинг барча ҳудудларида тўлиқ жорий этиш 2028/2029 ўқув йили якунлари бўйича режалаштирилган.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.