Ўзбекистон

Мирзиёев Паркентдаги Silver Valley сайёҳлик мажмуасини айланиб чиқди

Мирзиёев Паркентдаги Silver Valley сайёҳлик мажмуасини айланиб чиқди
Мирзиёев Паркентдаги Silver Valley сайёҳлик мажмуасини айланиб чиқди / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев Паркент туманининг Кумушкон маҳалласидаги “Silver Valley” оилавий дам олиш мажмуаси билан танишди.

Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, хизматлар экспортини кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Тошкент вилоятининг, айниқса, унинг тоғли ҳудудларининг табиий имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.

Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 30 апрелдаги “Ҳудудларда туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва соҳада лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида жойларда замонавий туризм мажмуалари барпо этилмоқда.

“Silver Valley” оилавий дам олиш мажмуаси ҳам шундай лойиҳалардан бири. У табиат қўйнида мазмунли ҳордиқ чиқариш учун қулай шароитлар яратиш, ҳудуднинг туристик жозибадорлигини оширишга қаратилган.

Умумий қиймати 148,5 миллиард сўм бўлган мажмуа 29,5 гектар майдонда жойлашган. Лойиҳа доирасида 200 та иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Бу ерда жами 120 ўринли 12 та шале услубидаги уй, замонавий қабул биноси, 300 ўринли ресторан, жами 200 ўринга мўлжалланган 12 та ўтов-ресторан, 100 ўринли терраса-кафе ҳамда 4 та СПА мажмуаси барпо қилинган.

Сайёҳларнинг мазмунли дам олиши учун тафаккур йўлаги, воркаут зоналари, зиплайн ва тюбинг аттракционлари, ёзги кинотеатр ҳамда 10 та аттракциондан иборат кўнгилочар майдон ташкил этилган.

Мажмуа тўлиқ ишга тушгач, кунига 2,7 минг нафаргача меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга бўлади.

Давлатимиз раҳбари бу ерда яратилган шароитлар ва амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишар экан, сайёҳларга маҳаллий маҳсулотлар асосида хизмат кўрсатиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва бундай масканларни бошқа тоғли ҳудудларда ҳам кўпайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Президентимиз аҳоли билан суҳбатда турмуш даражаси юксалиши билан одамларнинг мазмунли дам олишга бўлган эҳтиёжи ҳам ортиб бораётганига эътибор қаратди.

– Одамларнинг даромади кўпайиб, ишлари яхшиланган сари улар дам олиш учун қулай жой излайди. Паркентда шундай шароитлар яратсак, бу ерга оилалар фарзандлари билан келиб ҳордиқ чиқаради. Бундай туристик масканларни йил сайин кўпайтириб борсак, нафақат Тошкентдан, балки республикамизнинг барча ҳудудларидан одамлар келади, – деди давлатимиз раҳбари.

Қайд этилганидек, бундай лойиҳалар туризмни ривожлантириш билан бирга, аҳолининг дам олиши учун муносиб шароитлар яратиш, янги иш ўринларини ташкил этиш ва маҳаллий тадбиркорликни кенгайтиришга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришларнинг асосий мақсади инсон манфаатларини таъминлаш, одамларнинг ҳаётдан розилигига эришиш эканини таъкидлади.

– Бугун Паркентга келишимдан мақсад – бу ҳудуднинг имкониятларини янада кенгайтириш, паркентликларни ўзгаришларга ишонтириш. Барча ҳаракатларимиз ҳар бир инсон ўз ҳаётидан рози бўлишига қаратилган, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, эришилган натижалар билан чекланиб қолмасдан, янги ташаббусларни амалга ошириш, одамларда “қилса бўлар экан” деган ишончни мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.

Ташриф буюрувчиларнинг ҳудудда узоқроқ қолишини таъминлаш, улар учун қўшимча хизмат турларини кўпайтириш ва мавжуд инфратузилмадан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.