Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон футбол ассоциацияси мутахассислари Испаниянинг «Барселона» клуби академиясида ёш футболчиларни тайёрлаш ва мураббийларни ўқитиш тизимини ўрганмоқда.
Ташриф Ўзбекистон футбол ассоциациясининг элита ёшлар футболи ривожланиши бўлими ҳамда мураббийлар таълими бўлими ходимлари иштирокида ташкил этилди.
Ўзбек мутахассислари турли ёш тоифаларидаги футболчилар учун машғулотларни режалаштириш ва ўтказиш усуллари билан танишмоқда. Бунда ўйинчиларнинг индивидуал ривожланиши, мураббийларнинг фаолияти ва спортчиларни тайёрлаш тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Дастур академия тажрибасини ўрганиш, болалар ва ўсмирлар футболи ҳамда мураббийлар таълими соҳаларида ўзаро тажриба алмашишни ҳам назарда тутади.
Олинган билим ва тажрибадан Ўзбекистонда ёш футболчиларни тайёрлаш ҳамда мураббийларни ўқитиш тизимини ривожлантиришда фойдаланиш режалаштирилган.