Иқтисод

Польша бизнеси Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор

Польша бизнеси Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор
Польша бизнеси Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор / Фото: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Польшадаги Дрохичин шаҳри ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан икки мамлакат компаниялари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.

Польша делегацияси таркибидан қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва қайта ишлаш, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқариш, қурилиш, логистика ҳамда энергия тежовчи технологиялар соҳаларида фаолият юритувчи компаниялар вакиллари ўрин олди.

Учрашув давомида Польша томонига Ўзбекистоннинг инвестициявий муҳити, эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари учун имтиёзлар, шунингдек, GSP+ тизими доирасида Европа бозорига чиқиш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

Томонлар ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида агросаноат мажмуасини белгилади. Хусусан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган табиий қуритилган мева ва сабзавотларни Польшага экспорт қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, томонлар энергия самарадорлиги соҳасидаги ҳамкорликни, жумладан, энергия тежовчи ечимлар ва яшил технологияларни жорий этиш масалаларини кўриб чиқди.

Яна бир йўналиш саноат кооперацияси бўлди. Қўшма ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва ўзаро товар етказиб бериш ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Польша бизнеси вакиллари Ўзбекистон бозори имкониятларига қизиқиш билдириб, узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.

Учрашув якунида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси польша тадбиркорларига маҳаллий ҳамкорларни излаш, тижорат таклифларини алмашиш ва манзилли B2B учрашувларини ташкил этишда амалий кўмак кўрсатишга келишиб олди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.