7
Иқтисод

Қудратов Вашингтонда АҚШ билан савдо ва инвестицияларни муҳокама қилди

Қудратов Вашингтонда АҚШ билан савдо ва инвестицияларни муҳокама қилди
Қудратов Вашингтонда АҚШ билан савдо ва инвестицияларни муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов 10–11 ноябрь кунлари Вашингтонда АҚШ маъмурияти вакиллари билан музокаралар ўтказди ҳамда «Катта йигирматалик» бизнес саммитида (B20) иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.

АҚШ савдо вазири Ҳовард Латник, АҚШ президентининг махсус ёрдамчиси Майкл Жеремайя, шунингдек, Пентагоннинг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича мудофаа сиёсатига масъул вакили Майкл ДиМино билан бўлиб ўтган учрашувларда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг жорий ҳолати ҳамда уни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар ўзаро савдодаги ижобий динамикани қайд этдилар.

Вазирлик маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми илк бор 1 миллиард доллардан ошди. 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида эса бу кўрсаткич 905 миллион долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20 фоизга ўсди.

Ҳамкорлик дастури доирасида томонлар умумий қиймати 35 миллиард доллар бўлган 78 та қўшма лойиҳани амалга оширмоқда.

Бундан ташқари, Қудратов Вашингтонда Американинг KBR ва Plug Power компаниялари раҳбарлари, шунингдек, DFC ва бошқа ташкилотлар вакиллари билан учрашди.

Учрашувларда амалдаги лойиҳаларни рўёбга чиқариш ва янги қўшма ташаббусларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.