Иқтисод

«Ўзбекнефтгаз» еврооблигацияларини тўлаш муддатини узайтириши мумкин

«Ўзбекнефтгаз» еврооблигацияларини тўлаш муддатини узайтириши мумкин
«Ўзбекнефтгаз» еврооблигацияларини тўлаш муддатини узайтириши мумкин / Фото: «Ўзбекнефтгаз» АЖ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтгаз» 2028 йилда тўлаш муддати келадиган биринчи чиқарилган еврооблигациялар бўйича мажбуриятларни бажариш муддатини узайтириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Компания қарзни ўз маблағлари ҳисобидан қоплаш ёки мажбуриятлар муддатини узайтириш вариантларини ўрганмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Сухроб Хамраев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, еврооблигацияларнинг иккинчи чиқарилиши бўйича тўлов муддати 2030 йилда келади. Компания биринчи чиқарилиш бўйича қарорни олдиндан тайёрлашни, амалдаги шартлардан ёмон бўлмаган шартларда муддатни узайтириш мақсадида музокараларни бошлашни режалаштирмоқда.

Хамраев янги молиялаштиришни жалб қилиш ҳақида гап бормаётганини таъкидлади. Компания мажбуриятлар суммасини сақлаб қолган ҳолда, уларни тўлаш муддатини ўзгартиришни кўзламоқда.

«Гап янги қарз олиш ҳақида эмас — ушбу еврооблигациялар бўйича мажбуриятлардан ташқари қўшимча маблағ жалб қилинмайди. Бу худди шу суммани бошқа муддатга узайтириш масаласидир», — дея изоҳ берди у.

Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари, шунингдек, «Ўзбекнефтгаз» юқори фоиз ставкаларида олинган кредитларнинг деярли барчасини қайта молиялаштирганини маълум қилди. Бундан мустасно ҳолат — Uzbekistan GTL заводи лойиҳасини молиялаштириш учун жалб қилинган 1 млрд долларлик қарзлардир.

Компания ушбу кредитларни жорий йил охирида ёки келаси йилнинг биринчи чораги бошида қайта молиялаштиришни режалаштирмоқда. Хамраевнинг сўзларига кўра, бу мазкур қарзлар бўйича тақдим этилган давлат кафолатини бекор қилиш имконини беради. Банклар энди бундай кафолат мавжуд бўлишини талаб қилмаяпти. Компания вакилининг фикрича, бу инвесторларнинг «Ўзбекнефтгаз»нинг молиявий имкониятларига бўлган ишончи ортиб бораётгани билан боғлиқ.

29 сентябрь куни компания J.P. Morgan билан музокаралар ўтказди. Унда халқаро капитал бозорларига чиқиш имкониятлари ва облигациялар чиқариш истиқболлари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати Spot нашрига ўша вақтда янги еврооблигацияларни жойлаштириш бўйича режалар мавжуд эмаслигини маълум қилган.

2025 йил май ойида «Ўзбекнефтгаз» йиллик 8,75 фоиз даромадлилик билан 850 млн долларлик еврооблигацияларни жойлаштирган эди. 2021 йил ноябрь ойида эса компания йиллик 4,75 фоиз даромадлилик билан 700 млн долларлик облигациялар чиқарган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.