Иқтисод

Ўзбекистонлик олимлар Польшада ўсимликларнинг полифенол бирикмаларини ўрганмоқда

Ўзбекистонлик олимлар Польшада ўсимликларнинг полифенол бирикмаларини ўрганмоқда
Ўзбекистонлик олимлар Польшада ўсимликларнинг полифенол бирикмаларини ўрганмоқда / Фото: Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти мутахассиси халқаро Phenocycle илмий лойиҳаси доирасида Польшада малака оширмоқда.

Таълим жараёни Ўзбекистон илмий-тадқиқот муассасасининг Европанинг CREA ташкилоти билан ҳамкорлиги доирасида Польша боғдорчилик институтининг полифенолларни таҳлил қилиш лабораториясида ташкил этилган.

Дастурда қишлоқ хўжалигида зарарли организмларга қарши курашишнинг илғор технологияларини жорий этиш лабораторияси мудири иштирок этмоқда. Малака ошириш полифенол бирикмаларини таҳлил қилишнинг замонавий усулларини ўзлаштириш, лаборатория тадқиқотларини ўтказиш ва илғор таҳлилий технологияларни қўллашга қаратилган.

Замонавий лаборатория ускуналари билан ишлаш, шунингдек, назарий билимлар ва амалий кўникмаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Полифенол бирикмалари ўсимликлардаги физиологик жараёнларда ва уларнинг атроф-муҳитнинг ноқулай шароитларига мослашишида муҳим роль ўйнайди. Уларни ўрганиш ўсимликларнинг қурғоқчилик, тупроқ шўрланиши ва ҳарорат ўзгаришларига жавоб реакцияларини тадқиқ этиш имконини беради.

Замонавий лаборатория таҳлили усулларидан фойдаланиш ушбу бирикмаларнинг таркиби ва миқдорини янада аниқроқ белгилашга ёрдам беради. Олинган билимлар ўсимликлар физиологияси ҳамда уларнинг стресс омилларига чидамлилик механизмларини чуқурроқ ўрганишга хизмат қилиши мумкин.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.