Ўзбекистон

Бухоро 2027 йилда ЮНЕСКОнинг Ижодий шаҳарлар тармоғи конференциясини қабул қилади

Бухоро 2027 йилда ЮНЕСКОнинг Ижодий шаҳарлар тармоғи конференциясини қабул қилади
Бухоро 2027 йилда ЮНЕСКОнинг Ижодий шаҳарлар тармоғи конференциясини қабул қилади / Фото: UNESCO.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бухоро шаҳри 2027 йилда ЮНЕСКОнинг Ижодий шаҳарлар тармоғининг 19-йиллик конференциясига мезбонлик қилади.

Ташкилот Ўзбекистоннинг ушбу шаҳрини халқаро тадбир ўтказиладиган жой сифатида расман эълон қилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги мухбири хабар берди.

Конференцияни Бухорода ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил октябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси очилишида илгари сурилган эди.

Бухоро Марказий Осиё, МДҲ ва Туркий давлатлар ташкилоти орасида тармоқнинг йиллик конференциясини ўтказиш ишониб топширилган биринчи шаҳар бўлади. Бу қарор Ўзбекистоннинг маданият, креатив индустриялар ва шаҳарларни барқарор ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари халқаро миқёсда эътироф этилаётганини акс эттиради.

Форумда ижодий индустрияларни ривожлантириш, маданий меросни асраб-авайлаш ва ундан замонавий фойдаланиш, ёшлар ҳамда ижодий касб вакилларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, маданиятнинг БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги ҳиссасига алоҳида эътибор қаратилади.

Конференция ўтказилиши халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, маданият соҳаси ва креатив иқтисодиётга янги ҳамкорлар ҳамда инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг туристик ва маданий салоҳиятини намойиш этиш имконини бериши кутилмоқда.

Бухоро 1993 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. 2023 йилда шаҳар «Ҳунармандчилик ва халқ ижодиёти» йўналиши бўйича Ижодий шаҳарлар тармоғига қўшилди. Бу унинг анъанавий ҳунармандчилик маҳорати ва маданий алмашинув марказларидан бири сифатидаги ўрнини яна бир бор тасдиқлади.

ЮНЕСКОнинг Ижодий шаҳарлар тармоғи 2004 йилда ташкил этилган бўлиб, 110 дан ортиқ мамлакатнинг 408 та шаҳрини бирлаштиради. Ушбу платформа халқаро ҳамкорликка кўмаклашади ҳамда маданият ва ижодий индустрияларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш воситалари сифатида кўради.

Йиллик конференция тармоқнинг асосий тадбири ҳисобланади. У иштирокчи шаҳарлар вакилларини тажриба алмашиш, ижодий индустрияларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш ва халқаро шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш учун бир майдонга жамлайди.

Форум дастуридан анъанавий равишда ялпи мажлислар, Мэрлар форуми, мавзули муҳокамалар, халқаро лойиҳалар тақдимотлари, ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга қаратилган учрашувлар ва Ижодий шаҳарлар ярмаркалари ўрин олади.

Бухорога дунёнинг юзлаб ижодий шаҳарлари вакиллари, муниципалитетлар раҳбарлари, экспертлар, маданий ташкилотлар, ижодий индустриялар ва халқаро тузилмалар вакиллари ташриф буюриши кутилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.