Иқтисод

Ўзбекистон ва Покистон инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Покистон инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Покистон инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди / Фото: «Дунё» АА.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Покистоннинг Dewan Yousuf Group саноат-бизнес гуруҳи рақамли иқтисодиёт, шакар ва цемент саноати соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаевнинг гуруҳ раҳбари Диван Юсуф билан учрашуви икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш доирасида бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Музокараларнинг асосий мавзуларидан бири рақамли иқтисодиёт ва криптоинфратузилма соҳасидаги ҳамкорлик бўлди. Диван Юсуф Ўзбекистоннинг криптоактивлар ва блокчейн технологиялари соҳасидаги салоҳиятини қайд этиб, қўшма ташаббусларни амалга оширишга қизиқиш билдирди.

Жумладан, покистонлик тадбиркор халқаро рақамли активлар фондларини жалб қилиш, замонавий рақамли платформаларни яратиш ва криптовалюта майнинги соҳасида энергия тежамкор технологияларни жорий этиш имкониятларини ўрганишни таклиф қилди.

Томонлар шакар саноатидаги ҳамкорлик истиқболларини ҳам алоҳида кўриб чиқди. Покистон компанияси хомашёни, жумладан, Бразилиядан импорт қилиш, уни Ўзбекистон ҳудудида қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотни ички бозорда сотиш имкониятларини ўрганмоқда.

Шу муносабат билан Ангрен шакар заводининг ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланган ҳолда қўшма лойиҳани ишга тушириш имконияти муҳокама қилинди.

Учрашув иштирокчилари цемент саноатидаги ҳамкорлик ҳамда икки мамлакат ўртасидаги савдо-логистика алоқаларини ривожлантириш масалаларига ҳам тўхталди.

Музокаралар якунлари бўйича Dewan Yousuf Group томонидан батафсил инвестиция таклифларини тайёрлаш бўйича келишувга эришилди.

Ташаббусларни янада чуқур ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари билан онлайн маслаҳатлашувлар ўтказиш режалаштирилган. Бундан ташқари, истиқболли лойиҳалар билан танишиш ва уларни амалга ошириш имкониятларини ўрганиш учун Покистон делегациясининг республикага бизнес-миссиясини ташкил этиш кўзда тутилган.

Yousuf Dewan Companies гуруҳи 1916 йилда ташкил этилган бўлиб, Покистоннинг йирик саноат-бизнес бирлашмалари қаторига киради.

Унинг фаолият йўналишлари автомобилсозлик, цемент ва шакар ишлаб чиқариш, тўқимачилик саноати, синтетик толалар ишлаб чиқариш ҳамда ташқи савдони қамраб олади. Гуруҳ компанияларида 4 мингдан ортиқ киши меҳнат қилади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.