7
Иқтисод

«Навоий» аэропорти ва Harvest Epoch Strategic юк ташишни ривожлантириш бўйича йўл харитасини келишиб олди

«Навоий» аэропорти ва Harvest Epoch Strategic юк ташишни ривожлантириш бўйича йўл харитасини келишиб олди
«Навоий» аэропорти ва Harvest Epoch Strategic юк ташишни ривожлантириш бўйича йўл харитасини келишиб олди / Фото: Uzbekistan Airports.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Навоий» халқаро аэропорти ва Harvest Epoch Strategic компанияси ҳаво орқали юк ташиш соҳасидаги стратегик шерикликни амалга ошириш бўйича йўл харитасини келишиб олди. Ҳужжатда ишларнинг босқичлари, муддатлари ва томонларнинг масъулият доиралари белгиланган.

Ҳамкорлик 2026 йил 9 февралда қабул қилинган «Навоий» халқаро аэропорти фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори доирасида ривожлантирилмоқда. Ҳужжат аэропортни Евроосиёдаги энг йирик халқаро мультимодал юк хабига айлантиришни назарда тутади.

Harvest Epoch Strategic компанияси билан стратегик иттифоқ тузиш тўғрисидаги рамкавий келишув 2026 йил 9 сентябрда Гонконгда «Бир макон, бир йўл» саммити доирасида имзоланган.

«Навоий» халқаро аэропорти директори Алишер Қиличевнинг маълум қилишича, томонлар ноябрь ойида якуний келишувни имзолаш ва олти ойлик пилот лойиҳани ишга туширишни режалаштирмоқда.

Унинг сўзларига кўра, Harvest Epoch Strategic аэропортнинг тижорат агенти вазифасини бажаради. Компаниянинг вазифалари авиакомпаниялар ва логистика операторларини жалб қилиш, шунингдек, электрон тижорат юклари оқимини кўпайтиришдан иборат бўлади. Қиличев бу аэропорт салоҳиятини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

Лойиҳанинг стратегик мақсади 2030 йилгача аэропорт орқали ташиладиган юкларнинг йиллик ҳажмини 45 минг тоннага етказишдан иборат.

Айни пайтда қўшма ишчи гуруҳ шакллантирилмоқда. Ҳамкорлар техник-иқтисодий асоснинг янгиланган таҳририни тақдим этади, «Навоий» аэропорти эса тижорат шартлари, инфратузилма, тарифлар ва хизматлар ҳақидаги маълумотларни беради.

Harvest Epoch Strategic директорлар кенгаши раиси Чан Хун То компания иқтисодиёт ва савдони жадал ривожлантириш мақсадида Хитой ва Ўзбекистон ўртасида кўприк бўлишга интилаётганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг денгизга тўғридан-тўғри чиқиш йўли йўқлигини ҳисобга олганда, Хитой билан «Навоий» аэропорти ўртасидаги ҳамкорлик мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим ўрин тутиши мумкин.

Унинг маълум қилишича, кейинги босқичда кенг кўламли йўналишларни қамраб олувчи тижорат ҳамкорлиги тўғрисидаги келишув имзоланади.

Чан Хун То ҳамкорлик Навоий орқали амалга ошириладиган авиақатновлар сонини кўпайтиришга ва Ўзбекистон маҳсулотларини жаҳон бозорларига етказиб бериш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Бундан ташқари, унинг фикрича, аэропортнинг Марказий Осиё марказида жойлашгани уни Хитой ва Европа ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш учун муҳим логистика нуқтасига айлантиради.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.