Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2027 йил 1 январдан бошлаб шакар миқдорига қараб, алкоголсиз ичимликларга мажбурий рангли маркировка жорий этишни таклиф қилди.
Ҳукумат қарорига тегишли лойиҳа жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, янги талаблар маҳаллий ишлаб чиқарилган, шунингдек, мамлакатга импорт қилинадиган ичимликларга нисбатан қўлланилади.
Огоҳлантирувчи ёзувларни қадоқнинг олд қисмига жойлаштириш таклиф этилмоқда. Улар қадоқ умумий майдонининг камида 15 фоизини эгаллаши ва харидорларга яққол кўриниб туриши керак.
Лойиҳада маркировканинг учта тоифаси назарда тутилган. Агар маҳсулотнинг ҳар 100 миллилитрида 5 граммдан 8 граммгача шакар бўлса, сариқ фонда қора рангда «ЎРТАЧА ШАКАР МИҚДОРИ» деган ёзувдан фойдаланиш таклиф этилмоқда.
Таркибида 8 граммдан 11 граммгача шакар бўлган ичимликлар учун тўқ сариқ фонда «ЮҚОРИ ШАКАР МИҚДОРИ» деган огоҳлантирувчи ёзув назарда тутилган.
Шакар миқдори 11 грамм ва ундан кўп бўлган маҳсулотларга эса қизил фонда оқ рангда «ЖУДА ЮҚОРИ ШАКАР МИҚДОРИ — ТЕЗ-ТЕЗ ИСТЕЪМОЛ ҚИЛИШ СОҒЛИҚ УЧУН ЗАРАРЛИ» деган ёзувни жойлаштириш таклиф қилинмоқда.
Бундан ташқари, қадоқларда маҳсулот таркиби, калорияси ва тавсия этилган кунлик истеъмол меъёри ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган QR-кодларни жойлаштириш режалаштирилмоқда.
Ташаббуснинг алоҳида қисми лаборатория назоратига бағишланган. Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитасига 2027 йил 1 мартга қадар шакар миқдорини таҳлил қилишнинг ягона методикасини тасдиқлаш, 1 сентябрга қадар эса аккредитациядан ўтган лабораторияларда тегишли тадқиқотларни ўтказишни ташкил этиш таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, идора белгиланган кўрсаткичлардан ортиқ шакар сақлайдиган ичимликлар реестрини ҳар чоракда эълон қилиб бориши керак бўлади.
2027 йил 1 декабрга қадар шакар миқдори юқори бўлган ичимликларни мониторинг қилиш учун рақамли платформани ишлаб чиқиш ва босқичма-босқич ишга тушириш режалаштирилмоқда.
Ушбу платформани оператори CRPT Turon бўлган миллий рақамли маркировка тизими — Asl Belgisi таркибидаги модул сифатида яратиш таклиф этилмоқда. Бу бир хил маълумотларни такроран киритишнинг олдини олиш имконини беради.
Платформада ҳар бир маҳсулотнинг 100 миллилитридаги шакар ёки углеводлар миқдори, шунингдек, унда қўлланиладиган ширинлаштирувчи моддалар ҳақидаги маълумотларни ҳисобга олиш назарда тутилган.
Тизим «Рақамли ҳукумат» идоралараро платформаси орқали Солиқ қўмитасининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинади. Лаборатория тадқиқотлари натижалари ичимликнинг декларацияда кўрсатилган таркиби билан амалдаги таркиби ўртасидаги тафовутларни аниқлаш учун қўлланилади.
Умумлаштирилган маълумотларни очиқ форматда эълон қилиш, платформани эса GS1 Digital Link халқаро стандартига мувофиқлаштириш таклиф этилмоқда. Тизимни ишлаб чиқиш ва техник хизмат кўрсатиш харажатлари давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.
2028 йил 1 январга қадар Божхона қўмитасига импорт қилинадиган алкоголсиз ичимликлардаги шакар миқдорини электрон декларациялаш тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Шу билан бирга, лойиҳада маркировкаси янги талабларга мувофиқ бўлмаган маҳсулотларни мамлакатга олиб киришни тақиқлаш назарда тутилган.
2027 йил 1 январдан бошлаб таълим муассасаларида белгиланган қоидаларни бузган ҳолда маркировкаланган алкоголсиз ичимликлар савдосини ҳам босқичма-босқич чеклаш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига шакар миқдори юқори бўлган ичимликларни мунтазам равишда назорат тартибида харид қилиш ҳамда аниқланган қоидабузарликлар ҳақидаги маълумотларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш вазифасини юклаш таклиф этилмоқда.
Тақдим этилган ҳужжат ҳукумат қарори лойиҳаси ҳисобланади. Унда кўрсатилган чора-тадбирлар қарор қабул қилинган тақдирда жорий этилиши назарда тутилган.