Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 8 октябрь куни Тошкентда Ўзбекистон — Латвия бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат давлат органлари ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди. Тадбир Латвия делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси хабар берди.
Форум икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилашга қаратилди.
Тадбирда Савдо-саноат палатаси раиси маслаҳатчилари Алишер Шайхов ва Жамил Масъудий, Латвиянинг Ўзбекистондаги элчиси Гиртс Яунземс, шунингдек, «Болтиқбўйи — Марказий Осиё» иқтисодий ривожланиш ассоциацияси бошқаруви раиси Александр Видякин иштирок этди.
Латвия делегацияси таркибидан транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги, молия ҳамда инвестициялар соҳаларида фаолият юритувчи компаниялар раҳбарлари ўрин олди.
Форум давомида Латвия бизнеси вакиллари ўз компаниялари, маҳсулотлари ва хизматларини, шунингдек, Ўзбекистонда амалга ошириш учун истиқболли бўлган лойиҳаларни тақдим этдилар. Ўзбекистон томони ҳам ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича таклифларини билдирди.
Компаниялар ўртасидаги тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар латвиялик тадбиркорлар билан икки томонлама B2B музокараларини ўтказиш, янги ҳамкорларни топиш имкониятлари, қўшма лойиҳалар ва инвестиция ташаббусларини муҳокама қилиш имконига эга бўлдилар.
Форум якунлари бўйича Ўзбекистон ва Латвия ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни давом эттиришнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.