Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2027 йил 8 январь куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган Осиё кубогидаги илк учрашувини Иордания терма жамоасига қарши ўтказади. Учрашув King Abdullah Sports City стадионида маҳаллий вақт билан соат 19:30 да (Тошкент вақти билан 21:30 да) бошланади. Турнирнинг якуний тақвими Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) ва маҳаллий ташкилий қўмита томонидан эълон қилинди.
Ўзбекистон «B» гуруҳида Иордания, КХДР ва Баҳрайн терма жамоалари билан бирга иштирок этади. Иккинчи турда, 12 январь куни, Ўзбекистон терма жамоаси Kingdom Arena стадионида КХДР билан баҳс олиб боради. Учрашув маҳаллий вақт билан соат 16:30 да (Тошкент вақти билан 18:30 да) бошланади. Ўзбекистон гуруҳ босқичидаги сўнгги учрашувини 17 январь куни Prince Abdullah Al Faisal Sports City стадионида Баҳрайнга қарши ўтказади. Бу баҳс ҳам маҳаллий вақт билан соат 16:30 да (Тошкент вақти билан 18:30 да) бошланади.
Саудия Арабистони Осиё кубогини илк бор қабул қилади. Ушбу мусобақа тарихдаги 19-турнир бўлади. Турнир 7 январь куни Ар-Риёд шаҳридаги 72 минг томошабинга мўлжалланган King Fahd Sports City стадионида Саудия Арабистони ва Фаластин терма жамоалари ўртасидаги учрашув билан очилади.
Гуруҳ босқичида 24 та жамоа иштирок этади ва ушбу босқич 20 январь куни якунланади. Икки кундан кейин нимчорак финал учрашувлари бошланади. Чорак финал баҳслари 28 ва 29 январь кунлари, ярим финал ўйинлари эса 1 ва 2 февраль кунлари ўтказилади. Финал учрашуви 5 февраль куни King Fahd Sports City стадионида бўлиб ўтади.
Турнир давомида учта шаҳардаги саккизта стадионда жами 51 та учрашув ўтказилади. Шундан бешта стадион Ар-Риёдда, иккитаси Жиддада ва биттаси Ал-Хобар шаҳрида жойлашган. ОФК маълумотларига кўра, стадионларни танлаш ва учрашувлар бошланиш вақтини белгилашда тижорий ҳамда телевизион талаблар, шунингдек, томошабинларни жалб қилиш чоралари ҳисобга олинган.