Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида илк бор сунъий интеллект бошқарадиган робот-ассистент ёрдамида чаноқ-сон бўғимини эндопротезлаш операцияси ўтказилди. Жарроҳлик амалиёти реал вақт режимида мамлакатнинг барча ҳудудларига онлайн трансляция қилинди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали хабар берди.
Операциядан олдин робот-ассистент беморнинг компьютер томографияси маълумотларини таҳлил қилиб, жарроҳлик аралашувининг виртуал режасини тузади. Операция давомида эса инсон қўли бажара олмайдиган даражада аниқ ҳаракатларни амалга оширади. Чаноқ-сон бўғимининг оғир деформацияларида операция муваффақияти протезни тўғри бурчак остида ўрнатишга боғлиқ.
Травматолог-ортопед, тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори Дилшод Шамсиметовнинг таъкидлашича, роботлаштирилган технология эндопротезни аниқроқ танлаш ва ўрнатиш, асоратлар хавфини камайтириш ҳамда реабилитация жараёнини тезроқ бошлаш имконини беради.
Операцияларда хорижий мутахассислар ҳам иштирок этди. Хитойлик травматолог-ортопед Сюй Пэн робот ёрдамида амалга ошириладиган жарроҳлик амалиётлари юқори аниқлиги, тезроқ бажарилиши ва асоратлар деярли кузатилмаслиги билан ажралиб туришини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Хитой томони янги технологияларни қўллаш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёр.
Россиялик травматолог-ортопед Евгений Мельченко генетик касалликка чалинган болаларда туғма чаноқ-сон бўғими чиқишини жойига солиш операциясини ўтказди. Унинг айтишича, жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ва режа асосида якунланган.
Травматолог-ортопед, тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори Шуҳрат Усмоновнинг маълум қилишича, марказда Россия, Хитой, Корея, Ҳиндистон ва Европа мамлакатларидан келган шифокорлар билан биргаликда 40 дан ортиқ жарроҳлик амалиёти ўтказилмоқда. Онлайн трансляция орқали ҳудудлардаги шифокорлар пойтахтга келмасдан операциянинг ҳар бир босқичини кузатиш ва уни муҳокама қилиш имконига эга бўлди.
Беморлардан бири 12 йил давомида бўғим оғриғидан азият чекканини айтди. Унинг сўзларига кўра, робот иштирокида операция ўтказилиши ҳақидаги хабар дастлаб уни қўрқитган, бироқ жарроҳлик аралашуви ҳеч қандай нохуш ҳисларсиз ўтган.
Келгусида робот-ассистент ёрдамидаги операцияларни марказнинг ҳудудий филиалларида ҳам жорий этиш режалаштирилган.