Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси Ўзбекистон ва Покистон ўртасида олий даражада эришилган келишувларнинг бажарилиш ҳолатини кўриб чиқди. Мажлис парламент назорати доирасида ўтказилди.
Масъул вазирлик ва идоралар вакиллари инвестициялар, саноат ва савдо, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати ва геология, рақамли технологиялар, қурилиш, енгил саноат, озиқ-овқат хавфсизлиги, темир йўл транспорти, фармацевтика ва илм-фан каби ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бердилар. Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси вакили ҳам ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари тўғрисида ахборот тақдим этди.
Мажлис давомида сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилгани таъкидланди. Томонлар сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий алоқалар, инвестициявий ҳамкорлик, транспорт-логистика йўналишлари, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, таълим, илм-фан ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни изчил ривожлантирмоқда.
Иштирокчилар Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 5–6 февраль кунлари Покистонга давлат ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратдилар. Ушбу келишувларни бажариш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 16 апрелдаги 174-сон қарори билан тегишли «йўл хариталари» тасдиқланган.
Иштирокчилар мазкур ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг бажарилиш жараёни, амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чораларини кўриб чиқдилар. Эришилган натижалар билан бир қаторда, айрим йўналишларда кечикишлар сақланиб қолаётгани қайд этилди.
Шу муносабат билан масъул ижрочилар ўртасидаги мувофиқлаштиришни кучайтириш, белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Сўзга чиққанлар келишувлар ижросини фақат амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботлар асосида эмас, балки аниқ амалий натижалар орқали ҳам баҳолаш муҳимлигини қайд этдилар.
Бундан ташқари, Покистон томони билан биргаликда ҳал этилиши лозим бўлган масалаларни парламентлараро мулоқот доирасида муҳокамага олиб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Мажлис якунида тегишли қарор қабул қилинди.