Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқандда Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ Давлат котиби Марко Рубио иштирокида C5+1 форматида вазирлар учрашуви бўлиб ўтди.
Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, узоқ муддатли инвестицияларни жалб қилиш, транспорт, энергетика ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов маълум қилди.
Ташқи ишлар вазирининг сўзларига кўра, иштирокчилар муҳим минераллар соҳасидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратдилар.
Ушбу йўналишни ривожлантириш минтақада янги саноат қувватлари, иш ўринлари ва технологик имкониятларни яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Саидов, шунингдек, устувор лойиҳаларни белгилаш жараёнига бизнес вакилларини фаолроқ жалб қилиш ва уларни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида C5+1 ва B5+1 форматлари ўртасида мунтазам ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилди.
Вазир Самарқанддаги музокаралар сиёсий келишувлардан аниқ инвестициялар ва қўшма ташаббусларга ўтишга ёрдам беришига ишонч билдирди.
Ўзбекистон C5+1 котибиятида ҳамраислик қилиш даврида белгиланган йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни давом эттириш ниятида.