Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда ногиронликни белгилаш тартиби ўзгартирилди. Энди аризани масофадан туриб топшириш мумкин. Тиббий-меҳнат эксперт комиссиясига (ТМЭК) юборилишидан олдин фуқаро аввалги 9–10 та текширув ўрнига 3–4 та текширувдан ўтади, хулоса эса электрон тизимда шакллантирилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар бермоқда.
Аввал ариза қабул қилиниши ва йўлланма олиш учун туман марказидаги комиссияга мурожаат қилиш талаб этиларди. ТМЭКка юборилишидан олдин фуқаро касаллик туридан қатъи назар, камида 9–10 та текширувдан ўтарди.
Бундан ташқари, йўлланма олишдан олдин узоқ муддатли даволаниш ҳам талаб қилинган.
Энди аризани my.gov.uz портали, маҳалладаги ижтимоий ходим, оилавий шифокор ёки «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази оператори орқали топшириш мумкин.
Текширувлар рўйхати фуқаронинг касаллиги ёки ҳолатига қараб белгиланади ва фақат зарур текширувларни ўз ичига олади. Оилавий шифокор йўлланмаси асосида текширувлар бепул ўтказилади. ТМЭКка юбориш муддати ҳам ҳар бир ҳолат учун алоҳида белгиланади.
Йўлланмани оилавий шифокор электрон дастур орқали расмийлаштиради. Агентлик маълумотларига кўра, аввал врачлик-маслаҳат комиссияларига ҳар ойда камида 100–110 та йўлланма келиб тушарди. Бу эса навбатлар юзага келишига сабаб бўларди.
Энди бир оилавий шифокорга ўртача ойига 3–4 та йўлланма тўғри келади. Фуқаро туман марказида навбатда туриши шарт эмас: электрон йўлланма яшаш жойи бўйича расмийлаштирилади.
ТМЭК электрон йўлланма келиб тушганидан кейин уч иш куни ичида уни қабул қилади. Фуқарога тиббий кўрикнинг санаси, вақти ва манзили ҳақида SMS-хабар орқали маълум қилинади. Йўлланма қабул қилинганидан кейин комиссия тиббий кўрикни ўтказади ва 20 иш куни ичида хулоса чиқаради.
Хулосани тайёрлаш тартиби ҳам ўзгарди. Аввал хулосани ТМЭКнинг врач-экспертлари белгиларди. Энди врач-эксперт фуқаронинг шикоятлари, объектив ҳолати ва тиббий ҳужжатлардаги маълумотларни электрон тизимга киритади, хулоса эса дастур томонидан шакллантирилади.
Ногиронлик гуруҳи, унинг сабаби ва муддати, меҳнат қобилиятини йўқотиш даражаси фоизларда, парваришга эҳтиёж, реабилитация воситалари ва бошқа маълумотлар ҳам автоматик равишда белгиланади.
Агар фуқаро натижадан норози бўлса, электрон шаклда эътироз билдириши мумкин. Туман, шаҳар ёки туманлараро ТМЭК хулосаси устидан 30 кун ичида вилоят ТМЭКка шикоят қилиш мумкин.
Вилоят комиссиясининг хулосаси устидан эса беш кун ичида Республика ТМЭКка шикоят қилиш мумкин.
Эътироз my.gov.uz портали, ижтимоий ходим, оилавий шифокор ёки «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази оператори орқали қабул қилинади.
Республика ТМЭКнинг хулосаси якуний ҳисобланади. Агар фуқаро ушбу хулосадан ҳам норози бўлса, қонунда белгиланган тартибда судга мурожаат қилиши мумкин.
Агентлик таъкидлашича, бошқа усуллар орқали топширилган аризалар ТМЭК томонидан қайта кўриб чиқилмайди.