Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманганда қалбаки пул белгиларини тайёрлаш ва тарқатиш билан боғлиқ фаолиятнинг олди олинди. Тезкор тадбир ДХХнинг Жиззах ва Наманган вилоятлари бўйича бошқармалари томонидан божхона органлари билан ҳамкорликда ўтказилди.
Тадбир доирасида Поп ва Избоскан туманларида яшовчи икки нафар эркак ушланди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, улар шартли харидорга умумий қиймати 37,4 млн сўм бўлган қалбаки банкнотларни сотишга уриниб, эвазига 7,5 млн сўм ҳақиқий пул олишга ҳаракат қилган.
Ушланган шахсларни шахсий кўрикдан ўтказиш ва улар ҳаракатланган «Lacetti» автомашинасини кўздан кечириш жараёнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан яна 6,4 млн сўм миқдоридаги қалбаки купюралар аниқланган.
Шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари Избоскан туманида яшовчи ушланган шахслардан бирининг хонадонини кўздан кечирган. У ердан яна 7,7 млн сўмлик қалбаки пуллар аниқланиб, олиб қўйилган.
Бундан ташқари, хонадондан турли пул купюраларининг тасвирлари туширилган 145 та оқ қоғоз варағи, компьютер, рангли принтер ва тергов маълумотларига кўра, қалбаки банкнотларни тайёрлашда фойдаланилган бўлиши мумкин бўлган бошқа буюмлар ҳам топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу фаолиятга алоқадор бўлиши мумкин бўлган бошқа шахсларни аниқлаш чораларини кўрмоқда.