Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон делегацияси 14–18 сентябрь кунлари Вена шаҳрида бўлиб ўтган Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) Бош конференциясининг 70-сессиясида иштирок этди. Бу ҳақда Саноат, радиация ва ядровий хавфсизлик қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Халқаро форум ишида АЭХАга аъзо 181 давлат вакиллари иштирок этди. Конференция кун тартибидан ядровий ва радиация хавфсизлиги, атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш, халқаро ҳамкорлик ва тартибга солиш амалиётини такомиллаштириш масалалари ўрин олди.
Сессия доирасида Саноат, радиация ва ядровий хавфсизлик қўмитаси раиси Абдуваққос Рафиқов хорижий ҳамкасблари билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Жумладан, Венгрия тартибга солувчи органи раҳбари Андреа Беатрикс Кадар ва Беларусь тартибга солувчи органи раҳбари Александр Иваницкий билан музокараларда ядровий ва радиация хавфсизлигини таъминлаш, соҳани давлат томонидан тартибга солиш ҳамда илғор тажриба алмашинуви масалалари муҳокама қилинди.
Самарали назорат, лицензиялаш, инспекция фаолияти, радиация мониторинги ва фавқулодда вазиятларга тайёргарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистонда атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида миллий тартибга солиш базасини такомиллаштириш ишлари давом этмоқда.
Саноат, радиация ва ядровий хавфсизлик қўмитаси зиммасига хавфсизлик талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш, лицензиялаш ва соҳага оид норматив-ҳуқуқий базани янгилаш вазифалари юклатилган.
Қўмита ҳузурида Радиация ва ядровий хавфсизлик илмий-техника марказининг ташкил этилиши соҳани илмий ва экспертлик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш имкониятларини кенгайтирди.
Сессия доирасида ўтказилган икки томонлама учрашувлар Ўзбекистоннинг халқаро стандартлар ва илғор жаҳон тажрибасини инобатга олган ҳолда миллий ядровий ва радиация хавфсизлиги тизимини янада ривожлантириш бўйича ишларининг бир қисми бўлди.