Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва АҚШ радиация ва ядровий хавфсизлик соҳасида икки давлатнинг тартибга солувчи органлари ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолади. Ҳужжат томонлар ўртасида ахборот ва экспертлар алмашинувини кенгайтиришни назарда тутади. Бу ҳақда Саноат, радиация ва ядровий хавфсизлик қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Меморандум Ўзбекистон делегациясининг Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) Бош конференциясининг 70-сессиясидаги иштироки доирасида имзоланди.
Ҳужжат радиация ва ядровий хавфсизликни таъминлаш, лицензиялаш ва инспекция фаолияти, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўриш ва уларга жавоб қайтариш соҳаларидаги ҳамкорликни қамраб олади.
Шунингдек, мутахассислар малакасини ошириш ва икки давлатнинг тартибга солувчи органлари ўртасида касбий тажриба алмашинувини йўлга қўйиш ҳам назарда тутилган.
Ўзбекистон томонидан ҳужжатни Саноат, радиация ва ядровий хавфсизлик қўмитаси раиси А. Рафиков имзолади. АҚШ томонидан эса АҚШ Ядровий тартибга солиш комиссияси (NRC) раиси Х. К. Ниех имзолади.
Қайд этилишича, меморандум ахборот ва экспертлар ҳамкорлигини ривожлантиришга ҳамда атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишда хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.