Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг 19-ялпи мажлисида Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш ва никоҳлар бекор қилинишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.
Сўров Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисига юборилган эди. Муҳокама давомида қайд этилганидек, 2026 йил 19 майдаги 257-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ, мамлакатнинг 208 та тумани ва шаҳрида «Оила ва хотин-қизлар марказлари» фаолияти йўлга қўйилган.
Никоҳ қуришни режалаштираётган фуқаролар учун «Оилавий зўравонликсиз бахтли оилавий ҳаётга тайёргарлик» номли 16 соатлик дастур ишлаб чиқилган.
2025 йилда фуқаролик судлари томонидан никоҳни бекор қилишга оид ишлар кўриб чиқилганда, 5235 та ҳолатда тарафларни яраштиришга эришилган.
2026 йилнинг биринчи ярмида бундай ҳолатлар сони 2666 тани ташкил этган.
2026 йилнинг дастлабки олти ойида мамлакатда 93 312 та никоҳ қайд этилган. Шу даврда никоҳ қуришга тайёргарлик кўраётган 96 673 нафар ёш тегишли дастур бўйича таълим олган.
Низоли вазиятдаги оилалар билан ишлаш учун ayol.gov.uz платформасида махсус «Оила» модули ишга туширилган. Бундан ташқари, Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти оилавий низоларни эрта аниқлаш, болаларни масъулиятли тарбиялаш ва медиaциядан фойдаланиш бўйича илмий-услубий қўлланмалар тайёрлаган.
Шу билан бирга, мажлис иштирокчилари ҳал этилмаган бир қатор масалалар мавжудлигини таъкидлади. Хусусан, 2026 йилда ўтган давр мобайнида оилавий низолар бўйича атиги 151 та медиация келишуви тузилган.
Сенаторларнинг фикрича, бу ажрашишларнинг олдини олиш ва оилавий низоларни ўзаро келишув асосида ҳал этишда медиаторлар имкониятларидан етарлича фойдаланилмаётганидан далолат беради.
Муҳокама давомида сенаторлар ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш сифатини ва тегишли курсларнинг амалий самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар киритди. Шунингдек, низоли оилаларга манзилли психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, эрта никоҳларнинг олдини олиш ҳамда илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга жорий этиш бўйича вазифалар белгиланди.
Кўриб чиқиш якунлари бўйича Сенат тегишли қарор қабул қилди.