Самарқандда ўзбекистонлик сенаторлар делегатсиялар билан учрашувлар ўтказдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган Парламентлараро Иттифоқнинг Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси доирасида Сенат аъзолари Буюк Британия парламенти Жамоатчилик палатаси Халқаро тараққиёт қўмитаси аъзоси А.Кёрнс, Ташқи ишлар қўмитаси аъзоси Д.Карден, Ирландия парламентининг Тадбиркорлик, туризм ва бандлик масалалари бўйича қўмитаси раиси Жеймс О’Коннор, Россия Федерал Мажлиси Федерал Кенгаши Иқтисодий сиёсат қўмитаси раиси ўринбосари А.Трембицкий бошчилигидаги парламент делегациялари билан учрашувлари ўтказилди.
Хусусан, Буюк Британия парламент аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш ҳамда парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Ирландия парламент аъзолари билан ўтказилган учрашувда парламентлараро ҳамкорликни фаоллаштириш, АТ, қишлоқ хўжалиги, таълим, янги технологияларни жалб қилиш ва Европа иттифоқи билан шериклик доирасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Россия Федерал Мажлиси Федерал Кенгаши аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда парламентлараро муносабатларни янада фаоллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Мулоқот давомида икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва ишончга асосланган ўзаро муносабатлари натижасида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик кенг қамровли стратегик шериклик даражасида ривожланиб бораётганлиги алоҳида таъкидланди.