Иқтисод

Ўзбекистон ва UC Davis боғдорчилик соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради

Ўзбекистон ва UC Davis боғдорчилик соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради
Ўзбекистон ва UC Davis боғдорчилик соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради / Фото: Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Калифорния университетининг Дэвисдаги кампуси (UC Davis) узумчилик ва писта етиштириш соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Ҳамкорлик масалалари Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров ва UC Davis ҳузуридаги Foundation Plant Services (FPS) директори Маҳер Ал Рваҳний томонидан Ўзбекистон делегациясининг АҚШга ишчи ташрифи доирасида муҳокама қилинди.

Томонлар асосий эътиборни Ўзбекистон шароитига мослаштирилган истиқболли ўсимлик материалларини синовдан ўтказиш, кейинчалик уларни мамлакатда кўпайтириш, шунингдек, илмий-амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига қаратди.

Хусусан, пистачилик соҳасида маҳаллий шароитлар учун истиқболли деб баҳоланаётган UCB-1 пайвандтагини жорий этиш масаласи муҳокама қилинди. Томонлар уруғлик материални Ўзбекистонга олиб келиш ва синовдан ўтказиш, кейинчалик эса ота-она линиялари асосида мамлакатда уруғчилик тизимини яратиш имкониятларини ўрганди.

Ҳамкорликнинг алоҳида йўналиши узумчилик бўлди. Учрашув иштирокчилари турли тупроқ-иқлим шароитларига мўлжалланган замонавий узум пайвандтагларини тажриба майдонларида олиб келиш ва синовдан ўтказиш масаласини кўриб чиқди. Гап касалликлар, нематодалар, қурғоқчилик ва шўрланишга чидамли материаллар ҳақида бормоқда.

Шунингдек, истиқболли материалларни бевосита Ўзбекистонда кўпайтириш ва кейинчалик амалиётга жорий этиш имконияти муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, UC Davis олимлари томонидан ишлаб чиқилган янги авлод UCD GRN сериясидаги пайвандтагларни мамлакатнинг турли ҳудудларида синаб кўриш салоҳияти ҳам кўриб чиқилди.

Учрашув якунлари бўйича амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди. Ҳамкорлик истиқболли ўсимлик материалларини Ўзбекистонга олиб келиш, уларни маҳаллий шароитда синаш ва кейинчалик кўпайтиришни қамраб олади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.