Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 19 сентябрь куни кечқурун Тошкент аҳолиси осмонда узун ёруғ из қолдирган ҳолда ҳаракатланган ёрқин объектни кузатди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институти катта илмий ходими Камолиддин Эргашев ижтимоий тармоқларда тарқалган фото ва видеоматериалларни дастлабки таҳлилдан ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси хабар берди.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, объектнинг ташқи кўриниши, ҳаракатланиш хусусияти ва ҳосил бўлган из метеор ёки болидга хос белгилaрга эга эмас. Кузатилган ҳодиса ракета ёки унинг юқори босқичи билан боғлиқ жараёнларга кўпроқ мос келади.
Мутахассислар ушбу ҳодисанинг эҳтимолий сабаби сифатида 19 сентябрь куни Хитойда амалга оширилган космик учиришни кўрсатмоқда. Тайюань космодромидан Long March-2D (Chang Zheng-2D) ташувчи ракета учирилган ва у PIESAT-2 сериясига кирувчи тўртта сунъий йўлдошни орбитага олиб чиққан.
Дастлабки орбитал ҳисоб-китоблар ракета учирилган вақт ва унинг траекторияси, шунингдек, Тошкент осмонида объект кузатилган вақт ва йўналиш ўртасида яхши мувофиқлик борлигини кўрсатди.
Шу билан бирга, мутахассислар ҳозирча объектни Long March-2D ракетасининг муайян қисми сифатида аниқ идентификация қилишга эрта эканини таъкидламоқда. Яқинда учирилган объектлар бўйича халқаро орбитал каталогларда ҳозирча зарур элементлар ва бундай боғлиқликни тасдиқлаш имконини берувчи мустақил идентификация мавжуд эмас.
Шундай қилиб, мутахассисларнинг дастлабки хулосасига кўра, Тошкент осмонида кузатилган ёрқин ҳодиса метеор ёки болидга хос белгилarga эга эмас.