Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хоразм вилоятида Voltalia компаниясининг қуввати 126 МВт бўлган «Саримай» қуёш электр станцияси ишга туширилди. Станция 60 мингдан ортиқ аҳолини электр энергияси билан таъминлайди. Бу ҳақда Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берди.
Электр станциясининг очилиши энергетика соҳасидаги Франция–Ўзбекистон ҳамкорлигининг муҳим лойиҳаларидан бири бўлди. Объектни амалга ошириш Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) томонидан қўллаб-қувватланди.
Франция элчихонаси лойиҳанинг ишлаб чиқилиши ва фойдаланишга топширилиши қисқа муддатларда амалга оширилганини, шунингдек, унинг экологик ва ижтимоий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилганини қайд этди.
«Саримай» станцияси қайта тикланувчи энергетика соҳасида ихтисослашган халқаро Voltalia компаниясининг лойиҳаси ҳисобланади. Объект қурилиши 2024 йил май ойида бошланган.
Франция элчихонаси Voltalia жамоасини, шунингдек, компаниянинг ўзбек ва халқаро ҳамкорларини электр станциясининг ишга туширилиши ҳамда қўшма лойиҳанинг амалга оширилгани билан табриклади.