Иқтисод

Қозоғистон делегацияси Тошкент вилояти тажрибасини ўрганди

Қозоғистон делегацияси Тошкент вилояти тажрибасини ўрганди
Қозоғистон делегацияси Тошкент вилояти тажрибасини ўрганди  / Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қозоғистон делегацияси таркибида ҳудудлар раҳбарлари ва турли соҳалар вакиллари Тошкент вилоятига ташриф буюриб, ҳудудда камбағалликни қисқартириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва «маҳалла еттилиги» фаолиятини ташкил этиш бўйича тажрибани ўрганди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги хабар берди.

Ташриф доирасида Қозоғистон вакиллари Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ ва Қибрай туманларидаги маҳаллаларга бориб, аҳоли учун янги даромад манбаларини яратишга қаратилган лойиҳалар билан танишди.

Ўртачирчиқ туманида делегация «Тинчлик» ва «Қорасув» маҳаллаларида амалга оширилаётган савдо ва хизмат кўрсатиш, мебель ишлаб чиқариш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш соҳаларидаги лойиҳаларни ўрганди.

Юқоричирчиқ туманида Қозоғистон вакиллари YUQORICHIRCHIQ ENERGY SYSTEMS ва ROSEN PARK корхоналари фаолияти билан танишди, стол тенниси марказига ташриф буюрди ҳамда 18-сонли мактабда яратилган шароитларни ўрганди.

Қибрай туманида делегация AGRO LIGHT BUSINESS МЧЖнинг агротуризм лойиҳасига ташриф буюриб, MIRSOBIR-AGRO NIHOL МЧЖ фаолияти билан танишди. Корхонада қулупнай етиштириш «Бир маҳалла — бир маҳсулот» тамойили асосида ташкил этилган.

Ташриф давомида ўтказилган учрашувларда томонлар маҳаллалар салоҳиятидан самарали фойдаланиш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари ва барқарор даромад манбаларини яратиш бўйича тажриба алмашди.

Қозоғистон вакиллари ўз ҳудудларида қўлланилаётган илғор ёндашувлар ва амалиётлар ҳақида ҳам маълумот бериб, кейинги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.