Иқтисод

Суриялик тадбиркорлар Ўзбекистон корхоналарига ташриф буюрди

Суриялик тадбиркорлар Ўзбекистон корхоналарига ташриф буюрди
Суриялик тадбиркорлар Ўзбекистон корхоналарига ташриф буюрди / Фото: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сурия Араб Республикасидан Ўзбекистонга ишбилармонлик ташрифи билан келган тадбиркорлар делегацияси танишув дастурини алюминий ва дераза профиллари, шунингдек, замонавий фасад ечимларини ишлаб чиқарувчи IMZO компанияси заводига ташриф буюришдан бошлади.

Корхона соҳадаги йирик ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Бу ерда қарийб 2 500 нафар ходим меҳнат қилади. Заводнинг умумий майдони 16 гектарни ташкил этади, йиллик экспорт ҳажми эса 20 минг квадрат метрга тенг.

Ташриф давомида суриялик тадбиркорларга корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари, замонавий технологиялари ва маҳсулот турлари ҳақида маълумот берилди. Делегация аъзолари ишлаб чиқариш жараёнларини бевосита кузатдилар.

Суриялик тадбиркорлар корхонанинг кўлами ва ишлаб чиқариш технологияларини юқори баҳолаб, қурилиш соҳаси учун мўлжалланган маҳсулотларга алоҳида қизиқиш билдирди.

Бу йўналиш Сурия учун айниқса долзарб ҳисобланади. Мамлакатда қурилиш ва инфратузилмани тиклаш ишлари кенгайиб бораётгани сабабли алюминий ва дераза маҳсулотлари, фасад тизимлари каби қурилиш ечимларига талаб юқори бўлиб қолмоқда.

Ташриф доирасида Ўзбекистон маҳсулотларини Сурия бозорига экспорт қилиш, савдо алоқаларини йўлга қўйиш ва келгусида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Делегация дастуридаги иккинчи саноат объекти Krember бренди остида қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи Almerro Group компанияси бўлди.

Корхона Ўзбекистондаги танишув дастури доирасида Сурия делегацияси ташриф буюрган иккинчи манзил бўлди. Ташриф давомида меҳмонлар компаниянинг ишлаб чиқариш қувватлари, маҳсулот турлари ва экспорт салоҳияти билан танишдилар.

Almerro Group ишлаб чиқариш мажмуаси 8,5 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, учта корпусдан иборат. Ишлаб чиқариш биноларининг умумий майдони 70 минг квадрат метрни ташкил этади. Корхонада қарийб 1 000 нафар ходим меҳнат қилади.

Компаниянинг йиллик экспорт ҳажми 20 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, маҳсулотлар 15 та давлатга экспорт қилинади.

Ташриф якунида суриялик тадбиркорлар билан озиқ-овқат саноатида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва янги ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Сурия Араб Республикаси ишбилармон доиралари делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида унинг аъзолари Zelal Tekstil компанияси фаолияти билан ҳам танишдилар.

Ташриф давомида меҳмонларга корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнлари, маҳсулот турлари ва тўқимачилик соҳасидаги имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

Бундан ташқари, томонлар ўртасида музокаралар ўтказилиб, унда тўқимачилик соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, тажриба алмашиш ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув давомида келгусида амалий алоқаларни йўлга қўйиш ва истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича таклифлар илгари сурилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.