Иқтисод

Ўзбекистонда акциз солиғи ҳисоботини автоматлаштириш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда акциз солиғи ҳисоботини автоматлаштириш режалаштирилмоқда
Ўзбекистонда акциз солиғи ҳисоботини автоматлаштириш режалаштирилмоқда / Фото: Сунъий интеллект ёрдамида яратилган тасвир.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда якуний истеъмолчиларга реализация қилинадиган нефть-газ маҳсулотлари бўйича акциз солиғи ҳисоботининг кўрсаткичлари автоматик шакллантирилмоқда. 2027 йилдан бошлаб солиқ ҳисоботини проактив тартибда шакллантиришга ўтказиш режалаштирилган. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар берди.

Жорий йил октябрь ойи учун ҳисобот кўрсаткичларининг автоматик шакллантирилиши солиқ мажбуриятларини бажаришни соддалаштириш ва ҳисоботларни тайёрлашда хатоларнинг олдини олишга қаратилган.

Ҳисоб-китоблар электрон ҳисобварақ-фактуралар, онлайн назорат-касса техникаси чеклари, маркетплейслар тизими ҳамда импорт қилинган товарлар бўйича юк божхона декларациялари маълумотлари асосида амалга оширилади. Маҳсулотлардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш ва бошқа айланмалар тўғрисидаги маълумотлар my.soliq.uz порталидаги интерактив хизмат орқали ҳисобга олинади.

Ҳисоботни тўғри шакллантириш учун солиқ тўловчилар ҳар бир савдо нуқтаси бўйича, жумладан, компания рўйхатдан ўтган манзилдан бошқа жойда фаолият юритаётган объектлар учун ҳам электрон ҳисобварақ-фактураларни алоҳида расмийлаштириши зарур. Бунда ҳужжатларда акциз солиғи ҳамда товарларнинг амалда жўнатилган ёки топширилган санаси мажбурий тартибда кўрсатилиши лозим.

Шунингдек, Солиқ қўмитаси онлайн-кассаларнинг рўйхатдан ўтказилган манзилини автозаправка шохобчаларининг ҳақиқий жойлашувига мувофиқлаштириш, маркетплейс чекларида савдо нуқталарининг манзилини тўғри кўрсатиш, маҳсулотлар учун белгиланган ИКПУ кодлари ва ўлчов бирликларидан — литр, тонна ёки куб метрдан фойдаланишни тавсия этмоқда.

Онлайн назорат-касса техникаси ва маркетплейс чекларида акс эттирилган маҳсулот ҳажмларида хатолар аниқланса, уларга ўз вақтида тузатиш киритиш зарур. Солиқ имтиёзларини қўллаш учун мурожаатлар my.soliq.uz порталидаги «Акциз солиғи бўйича имтиёзлар ҳисоби» модули орқали юборилиши керак.

Солиқ кодексининг 292-моддасига мувофиқ, акциз солиғи бўйича ҳисобот ҳар ойда, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10-санасидан кечиктирмай тақдим этилиши лозим. Октябрь ойи учун ҳисобот топширишнинг охирги муддати 10 ноябрь этиб белгиланган.

Ҳисобот кўрсаткичларини шакллантиришда фойдаланилган маълумотлар манбаларини my.soliq.uz порталидаги «Акциз солиғи ҳисоботларига ўзгартириш киритиш» хизмати орқали, белгиланган ставкалар бўйича акциз солиғини ҳисоблаш модулида текшириш мумкин.

Ҳисоботларни проактив тартибда шакллантиришга ўтиш учун асос сифатида 2026 йил 19 майдаги ПФ-95-сон Президент фармони кўрсатилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.