Иқтисод

Ўзбекистон Савдо вазирлиги биноси 287 млрд сўмга сотилди

Ўзбекистон Савдо вазирлиги биноси 287 млрд сўмга сотилди
Ўзбекистон Савдо вазирлиги биноси 287 млрд сўмга сотилди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрининг Миробод туманида жойлашган Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг тўрт қаватли маъмурий биноси электрон аукционда 287,14 млрд сўмга сотилди.

4 ноябрь куни E-auksion платформасида якунланган савдолар ғолиби Shakhrisabz Agroport компанияси бўлди.

1 соат 46 дақиқа давом этган аукционда иштирокчилар жами 80 та таклиф киритди. Якуний сотув нархи бошланғич қийматдан 80 фоизга юқори бўлди.

Ҳозирда олди-сотди шартномасини тузиш кутилмоқда.

Давлат активларини бошқариш агентлиги ушбу объектни октябрь ойида аукционга чиқарган эди. Умумий майдони 6 502 квадрат метр бўлган бино Тарас Шевченко ва Фидокор кўчалари кесишмасида жойлашган. Ҳозирги вақтда ундан вазирликдан ташқари бир нечта халқаро ташкилот ҳам фойдаланмоқда. Объект сув таъминоти, канализация, газ ва электр энергияси тармоқлари билан таъминланган.

Сотув шартларига кўра, янги мулкдор шаҳарсозлик меъёрларига риоя қилган ҳолда кўчмас мулкдан савдо, кўнгилочар, гастрономик ёки туристик мақсадларда фойдаланиши мумкин.

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри маълумотларига кўра, Shakhrisabz Agroport 2026 йил июнь ойида рўйхатдан ўтказилган. Компания Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида жойлашган бўлиб, қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритади.

Корхонанинг устав фонди 550,5 млн сўмни ташкил этади. Жасур Достонович Каримов унинг ягона таъсисчиси ва раҳбари сифатида кўрсатилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.