Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда, Самарқанд шаҳрида илк бор ўтказилган 46-Жаҳон шахмат Олимпиадаси ва 3-Парашахмат Олимпиадаси ғолиблари ҳамда иштирокчиларини мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Ҳужжат 28 сентябрь куни давлат раҳбарининг расмий сайтида эълон қилинди.
Фармонда қайд этилишича, мукофотлар мусобақаларда муваффақиятли иштирок этгани, 200 дан ортиқ давлатнинг энг кучли шахматчилари билан кечган баҳсларда юксак маҳорат, ирода ва матонат намоён этгани, шунингдек, мамлакатнинг халқаро нуфузини ошириш ва спортни оммалаштиришга қўшган ҳиссаси учун берилган.
Эркаклар терма жамоаси аъзоси Муҳиддин Мадаминовга «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони берилди. Нодирбек Абдусатторов, Шамсиддин Воҳидов ва Нодирбек Якуббоев «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони билан тақдирланди.
Эркаклар терма жамоаси бош мураббийи Рустам Қосимжонов ва парашахмат терма жамоаси мураббийи Самандар Шермуҳаммадов «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий» унвонига сазовор бўлди. Шахмат федерацияси раиси ўринбосари Комил Синдаровга эса «Ёшлар мураббийи» фахрий унвони берилди.
Жавоҳир Синдаров «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан мукофотланди. Аёллар терма жамоаси бош мураббийи Нафиса Мўминова, Шахмат федерацияси бош котиби Бобир Сатторов ва Вазирлар Маҳкамасининг спорт масалалари бўйича масъул ходими Рашид Толипов «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.
«Мардлик» ордени эркаклар терма жамоаси аъзоси Жаҳонгир Воҳидов ҳамда парашахмат терма жамоасининг беш нафар вакили — Сирожиддин Зайнидинов, Селби Какишова, Аҳадхон Кимсанбоев, Сардорбек Мамаражабов ва Марсел Шаюсуповга топширилди.
«Келажак бунёдкори» медали билан шахматчилар Абдималик Абдисалимов, Ҳумоюн Бегмуратов, Ортиқ Ниғматов ва Муҳаммадзоҳид Суёров, шунингдек, Шахмат федерациясининг ахборот технологиялари ва методика бўйича мутахассислари Комилжон Азизов ҳамда Жавлон Мардонов тақдирланди.
«Соғлом турмуш» медали мусобақаларни ташкил этиш бўйича мутахассис ва шарҳловчи Бахтиёр Жумаев, шунингдек, аёллар терма жамоаси аъзолари Нилуфархон Имомқузиева, Гулдона Каримова, Умида Омонова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова ва Афруза Ҳамдамовага берилди.