Ўзбекистон

Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик учун жавобгарлик кучайтирилади

Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик учун жавобгарлик кучайтирилади
Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик учун жавобгарлик кучайтирилади  / Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Қонунчилик палатасига болаларга нисбатан зўравонлик учун жавобгарликни сезиларли даражада кучайтириш ва уларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси киритилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси хабар берди.

Ҳужжат ташаббускори сифатида «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси иштирок этди. Қонун лойиҳаси Жиноят ва Жиноят-процессуал кодекслари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, шунингдек, қатор бошқа қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Болаларга нисбатан зўравонлик учун жавобгарликни кучайтириш масаласи депутатлар томонидан аввал ҳам бир неча бор муҳокама қилинган. Янги қонун лойиҳаси вояга етмаганларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ва тегишли ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини кучайтиришга қаратилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ҳужжатни қуйи палатанинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритиш тўғрисида қарор қабул қилди. Қонун лойиҳасини кўриб чиқиш учун масъул этиб Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси белгиланди.

Ҳужжатни кўриб чиқиш 29 сентябрь кунига режалаштирилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.