Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туркманистоннинг Аваза шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро ассамблеясига аъзо мамлакатлар парламентлари раҳбарларининг Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашуви бўлиб ўтди.
Музокаралар МДҲ Парламентлараро ассамблеяси тадбирлари доирасида ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Сенати матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув иштирокчилари парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш ва кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.
Суҳбат давомида МДҲ Парламентлараро ассамблеясининг давлатлараро муносабатларни ривожлантириш, парламент мулоқотини йўлга қўйиш ва миллий қонунчиликни такомиллаштиришдаги роли қайд этилди.
Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини юқори баҳолади.
Шунингдек, у Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёда ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришдаги ролини алоҳида таъкидлади.
Томонлар дўстона муносабатларни янада ривожлантириш, МДҲ мамлакатлари ўртасида парламентлараро мулоқотни фаоллаштириш ҳамда савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини қайд этди.