Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Исфара дарёси гидротехник коридорининг иқлим ўзгаришига чидамлилигини оширишга қаратилган лойиҳаси NBS-IA халқаро дастури доирасида сараланган бешта ташаббус қаторига кирди.
Танловга Марказий Осиё ва Африка мамлакатларидан жами 109 та ариза келиб тушган. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Саралашнинг дастлабки натижалари Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги Ҳадли конвенцияси томонларининг 31-конференцияси (COP31) доирасида эълон қилинди.
Жами аризалардан 44 таси дастлабки саралашдан ўтган, 20 таси эса дастлабки рўйхатга киритилган. Биринчи босқичда сараланган бешта ташаббус қаторига Қозоғистон, Мозамбик, Кения ва Жазоир лойиҳалари ҳам киритилди.
Ўзбекистон лойиҳаси Исфара дарёси гидротехник коридорини иқлим хавфларидан ҳимоя қилиш учун табиатга асосланган ечимларни ишлаб чиқишни назарда тутади. Асосий хавфлар қаторига сел тошқинлари, қирғоқлар эрозияси ва каналларнинг лойқа босиши киради.
Ташаббуснинг долзарблиги 2026 йил 1 май куни содир бўлган сел тошқини билан боғлиқ. Ўшанда сув оқими сарфи секундига 100 куб метрга етган, бу дарёдаги ўртача сув сарфидан қарийб етти баравар кўпдир. Натижада ирригация иншоотлари шикастланган, каналлар ва йўлларнинг айрим қисмлари вайрон бўлган, сув хўжалиги инфратузилмаси лойқа билан тўлган, қишлоқ хўжалиги ерларига зарар етган.
Лойиҳа доирасида дарё бўйидаги ўрмонзорларни тиклаш, ҳимоя ўсимлик полосаларини барпо этиш, биоинженерлик усуллари ёрдамида қирғоқларни мустаҳкамлаш ва сув йиғилиш ҳавзасининг юқори қисмидаги деградацияга учраган яйловларни тиклаш таклиф этилмоқда.
Лойиҳанинг мақсадли кўрсаткичларига кўра, ушбу чора-тадбирлар ирригация тизимига тушадиган майда заррачали чўкиндилар миқдорини 20–40 фоизга, каналларни механик тозалаш даврийлигини эса 20–35 фоизга камайтириш имконини беради.
Шунингдек, қирғоқларнинг емирилиши, авариявий таъмирлаш ишлари ва ирригациядаги узилишлар ҳолатларини 30–50 фоизга қисқартириш кўзда тутилган. Сувдан фойдаланувчиларнинг 15–40 минг нафарига хизмат кўрсатадиган дарё ва каналларнинг устувор қисмларидаги 3–8 километр ҳудудни барқарорлаштириш режалаштирилган.
Лойиҳалаш босқичида техник ва иқтисодий жиҳатдан асосланган инвестиция ҳужжатлари тўпламини тайёрлаш режалаштирилмоқда. Унга лойиҳа ечимлари, харажатлар ҳисоб-китоблари, экологик ва ижтимоий кафолатлар, шунингдек, инфратузилмадан кейинчалик фойдаланиш механизмлари киритилади.
Ташаббуснинг саралаб олиниши уни синов тарзда амалга ошириш учун 500 минг доллардан 1 миллион долларгача маблағ жалб қилиш имконини яратади. Кейинчалик халқаро молия институтлари иштирокида йирикроқ иқлим инвестицияларини жалб қилиш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда.
Лойиҳа Италиянинг SWS Consulting Engineering ва IRIDRA ташкилотлари, Ўзбекистоннинг Sustainability Nexus Solutions компанияси, Сув ресурсларини бошқариш халқаро институти (IWMI) ҳамда Римнинг Сапиенца университети Ботаника боғи — музейлар тармоғини бирлаштирган халқаро консорциум томонидан тайёрланган.
NBS-IA ташаббуси Италия Атроф-муҳит ва энергетика хавфсизлиги вазирлиги томонидан БМТнинг Атроф-муҳит дастури (ЮНЕП) ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University)нинг иқлим резидентураси дастури директори Шаҳбоз Аҳмедов тадбирда сўзга чиқиб, инфратузилма лойиҳаларига табиатга асосланган ечимларни жорий этиш учун мутахассислар тайёрлаш ва халқаро ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади.
Келгусида ишлаб чиқилган ёндашувларни Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги бошқа сув хўжалиги объектларида ҳам қўллаш мумкин. Бу инфратузилмани муҳандислик усуллари билан ҳимоя қилишни табиий экотизимларни тиклаш билан уйғунлаштириш имконини беради.