Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Париж шаҳрида Ўзбекистон ва Франциянинг Meridiam компанияси вакиллари давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида замонавий умумтаълим мактабларини қуриш истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Таълим ва фан вазирлиги хабар берди.
Ўзбекистон таълим ва фан вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Йўлдошев Meridiam компаниясининг бош офисига ташриф буюриб, компания ҳамкори, Европадаги операцион фаолият бўйича директор ўринбосари Ромен Лимузен билан учрашди.
Томонлар давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича халқаро тажриба, уларни молиялаштириш механизмлари ва амалиётга татбиқ этиш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Учрашув якунида иштирокчилар ҳамкорликни давом эттириш ва истиқболли таклифларни биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олди.