Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг BMB HOLDING компанияси Жанубий Кореянинг Daejeon Center for Creative Economy & Innovation маркази билан ўзаро англашув меморандумини имзолади. Ҳужжат инновациялар, технологик ривожланиш ва тадбиркорлик соҳаларида ҳамкорликни назарда тутади. Бу ҳақда BMB HOLDING хабар берди.
Меморандум 19 ноябрь куни BMB HOLDING бош директори Маруфжон Абдуллаев ва Корея маркази бош директори Пак Дэ Хи томонидан имзоланди. Тадбирда Жанубий Кореянинг технологик ва инновацион компаниялари вакиллари ҳам иштирок этди.
Ҳужжатни имзолаш жараёнида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (UNIDO)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмаклашди.
Daejeon Center for Creative Economy & Innovation стартаплар экотизимини ривожлантириш, инновацион тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва илмий ишланмаларни тижоратлаштиришга ихтисослашган.
Томонлар истиқболли ташаббусларни биргаликда ўрганиш, амалий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашни режалаштирмоқда. BMB HOLDING учун ҳамкорлик Кореянинг технологик тажрибасини ўрганиш ва истиқболли ечимларни Ўзбекистон шароитига мослаштиришни ҳам назарда тутади.
Тадбир доирасида Жанубий Кореянинг олтита компанияси — CNT Corporation, Greenstech, MU:STEM, LaEzer, E-LINK ва Sugarart Inc. вакиллари билан музокаралар ўтказилди.
Иштирокчилар компанияларнинг фаолият йўналишлари, технологик ишланмалари, маҳсулотлари ва хизматларини тақдим этди. Корея компанияларининг Ўзбекистон бозорига кириб келиши, маҳаллий тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилиши, қўшма корхоналар ташкил этиши ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириши имкониятлари муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, BMB HOLDING кореялик ҳамкорларга ўзининг инвестиция лойиҳалари, ишлаб чиқариш қувватлари, фаолият йўналишлари ва ривожланиш режалари ҳақида маълумот тақдим этди.