Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти Япониялик ҳамкорлар билан умумий қиймати 63 млн долларни ташкил этувчи экспорт шартномалари ва инвестиция лойиҳалари бўйича дастлабки келишувларга эришди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Келишувлар Токио шаҳрида минтақанинг иқтисодий салоҳияти ва инвестиция имкониятларига бағишлаб ўтказилган бизнес-форум доирасида эришилди. Тадбирда Тошкент вилоятидан 30 нафар тадбиркор ҳамда Япония компаниялари ва ишбилармон доираларининг 200 дан ортиқ вакили иштирок этди.
Форум давомида Ўзбекистон вакиллари мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, сиёсий ва макроиқтисодий барқарорлик, хорижий инвесторлар учун кафолат ва имтиёзлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бизнес юритиш учун яратилган шарт-шароитларга алоҳида эътибор қаратилди.
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси ва делегациянинг бошқа вакиллари минтақа иқтисодий имкониятларини тақдим этди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа тармоқлар истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди.
Иштирокчиларга ишлаб чиқариш инфратузилмаси, инвестиция киритиш учун таклиф этилаётган лойиҳалар, вилоятнинг экспорт салоҳияти ва Япония компаниялари билан ҳамкорлик истиқболлари ҳақида ҳам маълумот берилди.
Форум доирасида вилоят ҳокими ва Япония бизнеси вакиллари ўртасида B2B ва B2G форматларида 50 дан ортиқ учрашув ўтказилди. Томонлар аниқ лойиҳалар, савдо шартномалари ва инвестициявий ҳамкорлик механизмларини муҳокама қилди.
Музокаралар якунларига кўра, умумий қиймати 11 млн долларни ташкил этувчи олтита экспорт келишуви бўйича битимларга эришилди. Улар мева ва қуритилган мевалар, IT маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги ҳамда тўқимачилик товарларини етказиб беришни қамраб олади.
Бундан ташқари, Япониянинг еттита компанияси билан Тошкент вилоятида умумий қиймати 52 млн долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик масалалари ишлаб чиқилмоқда.
Ҳокимлик маълумотига кўра, Япониянинг 34 нафар инвестори ва тадбиркори минтақада истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўрганиш учун Ўзбекистонга ташриф буюриш истагини билдирган.
Вилоят ҳокимлиги форумни халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, Япония капитали ва технологияларини жалб қилиш, шунингдек, маҳаллий маҳсулотлар экспортини ошириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоламоқда.