Иқтисод

Ўзбекистонда автомобиль газ тўлдириш шохобчалари фаолияти вақтинча чекланиши мумкин

Ўзбекистонда автомобиль газ тўлдириш шохобчалари фаолияти вақтинча чекланиши мумкин
Ўзбекистонда автомобиль газ тўлдириш шохобчалари фаолияти вақтинча чекланиши мумкин / Фото: «Ўзбекнефтгаз» АЖ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати пасайиши муносабати билан аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини барқарор газ билан таъминлаш зарурати туғилса, автомобиль газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) фаолияти вақтинча чекланиши мумкин.

Чекловлар ҳокимликлар билан келишилган тасдиқланган жадваллар асосида жорий этилади. Истеъмолчилар вақтинчалик чоралар ҳақида олдиндан хабардор қилинади. Газ тақсимотида хонадонлар, мактаблар, болалар боғчалари, шифохоналар ва бошқа ижтимоий объектларга устуворлик берилади.

Ўзгидромет маълумотларига кўра, 9–11 ноябрь кунлари мамлакатда ёмғир ёғиши, шимолий ва тоғли ҳудудларда эса қор тушиши кутилмоқда. Шимолда тунги ҳарорат −7 даражагача, бошқа ҳудудларнинг айрим жойларида эса −1…−2 даражагача пасайиши мумкин.

Совуқ кунлар яқинлашаётгани муносабати билан Энергетика вазирлиги ва тегишли ташкилотлар энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш чораларини кўрмоқда. Тошкент шаҳри ва бошқа ҳудудларда ҳам иситиш мавсумига тайёргарлик ишлари давом этмоқда.

Газ босими ва газ таъминоти билан боғлиқ масалалар бўйича мурожаат қилиш учун 1104 қисқа рақами кеча-ю кундуз ишлайди. Газ тармоқларида авария ҳолатлари юзага келганда 104 рақамига қўнғироқ қилиш лозим. Электр энергиясидаги узилишлар ва электр тармоқларидаги носозликлар ҳақида 1154 рақами орқали хабар бериш мумкин. Мурожаатлар чора кўриш учун масъул мутахассисларга йўналтирилади.

Тармоқларга ноқонуний уланиш ва энергия ресурсларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳолатлари ҳақида «Ўзэнергоинспекция»га +998 71 208-10-15 рақами орқали хабар бериш мумкин.

Идоралар совуқ кунларда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш зарурлигини ҳам эслатмоқда. Иситиш ва газ ускуналари, мўрилар ҳамда вентиляция каналларининг созлигини текшириш лозим. Носоз ускуналардан фойдаланиш ёки хоналарни газ плитаси ёрдамида иситиш тавсия этилмайди, чунки бу ис газидан заҳарланиш хавфини келтириб чиқаради.

Бундан ташқари, электр симлари ва розеткаларга ортиқча юклама туширмаслик, бир узайтиргичга бир нечта кучли электр жиҳозларини уламаслик ҳамда ёқилган иситгичларни назоратсиз қолдирмаслик тавсия этилади. Электр энергияси харажатлари ва тармоқларга тушадиган юкламани камайтириш учун истеъмолчиларга кераксиз электр жиҳозларини ўчириш, иситгичлардан меъёрида фойдаланиш ва хоналарда иссиқликни сақлаш маслаҳат берилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.