Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларнинг таркиби ҳақида миллий маълумотлар базаси яратилади. Лойиҳа БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) кўмагида амалга оширилмоқда.
Тошкент давлат аграр университетида соҳавий мутахассислар ва тегишли ташкилотлар вакиллари иштирокида семинар бўлиб ўтди. Унда маълумотлар базасини шакллантириш бўйича йўл харитаси муҳокама қилинди. Тадбирда Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси ходимлари ҳам қатнашди.
Дастлабки босқичда иштирокчилар маълумотлар базасига киритиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва озуқа моддалари рўйхатини кўриб чиқдилар. Шунингдек, мавжуд маълумотларнинг ишончлилигини баҳолаш ва қўшимча лаборатория тадқиқотларини ўтказиш зарурати муҳокама қилинди.
Семинарда тақдим этилган 70 та илмий манба таҳлилига кўра, дон экинлари ва меваларнинг таркиби нисбатан батафсил ўрганилган. Шу билан бирга, бир нечта масаллиқдан тайёрланадиган миллий таомларнинг озуқавий қиймати ҳақидаги маълумотларда камчиликлар аниқланган.
Келгусида яратиладиган база озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр таомлар таркибидаги оқсиллар, ёғлар, углеводлар, темир, витаминлар ҳамда бошқа муҳим озуқа моддаларининг миқдорини аниқлаш имконини беради.
Тўпланган маълумотлар аҳолининг кундалик овқатланиш рационини баҳолаш ва организмда озуқа моддалари етишмаслиги эҳтимолини аниқлаш учун ишлатилиши режалаштирилган.
Шунингдек, ушбу маълумотлар Ўзбекистон аҳолисининг миллий овқатланиш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда соғлом овқатланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш учун илмий асос бўлиб хизмат қилади.